Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўртинчи секторнинг икки ойлик фаолияти таҳлил қилинди. Натижа қандай?
13:34 / 2022-03-15

Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармасида жорий йил ўтган икки ойида 4-сектор ҳудудида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Қайд этилдики, вилоятда тўртинчи секторга воҳа ҳудудидаги 147 маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган. Вилоят солиқ бошқармаси мазкур ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг доимий даромад манбаини яратиш, турмуш даражасини ошириш каби йўналишларда ишларни олиб бормоқда. Маҳаллаларда бўлиб, одамлар билан очиқ мулоқотлар ўтказяпти. Ҳар бир оиланинг муаммосини ўрганиб, уларни ечиш чораларини кўрмоқда.

– Ўтган икки ойда сектор ҳудудидаги 68 эҳтиёжманд оила тадбиркорлик, паррандачилик, иссиқхона, майда туркумдаги ишлаб чиқариш ва тикувчилик фаолиятига жалб этилиб, доимий даромад манбаи шакллантирилди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шерзод Ядгаров. – Кам таъминланган 329 оилага қарийб 160 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш учун 8 миллиард 660 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, ички йўлларга асфалть, тош-шағал ётқизилди. Носоз кўприк таъмирланди. Уй боғчаларини ташкил этиш, сув, электр энергияси, газ таъминоти билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Матбуот анжуманида секторда амалга оширилган ишлар билан бирга айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, сектор ҳудудида 46 минг 106 нафар боғча ёшидаги бола истиқомат қилади. Уларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 52,2 фоизни ташкил этмоқда. Бу масаланинг ечимини топиш учун мактабгача таълим қамровини ошириш лозим. Ҳудудларни “маҳаллабай” ўрганишда баъзи маҳаллалардаги айрим хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва табиий газ тармоғига улаш масаласига ҳам дуч келинмоқда.

Сектор ҳудудида бажарилган ишлар ва дуч келинаётган муаммолар чуқур таҳлил қилинган анжуман якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА