Наманганда вилоят прокуратураси, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси, олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ёшларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, экология соҳасида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган мазкур танлов Тўрақўрғон туманидаги маданият маркази биносида кўтаринки руҳда, юқори савияда ташкил этилди.

Иштирокчи жамоалар кўрик давомида «Бу бизнинг ҳудуд», «Интеллектуал ринг», «Экология учун барчамиз масъулмиз!» ва «Энг яхши экологик лойиҳа» шартлари асосида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик талабларига доир билимларини намоён этдилар.

Танлов жараёнлари очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида муносиб баҳоланди. Қатнашчилар томонидан тақдим этилган экологик лойиҳалар амалий аҳамияти, инновацион ёндашуви ва ижтимоий самарадорлиги нуқтаи назаридан атрофлича таҳлил қилинди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, Тўрақўрғон туманидаги 24-сонли умумтаълим мактабининг «Эко лидерлар» жамоаси ғолиб, деб топилиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Фахрли иккинчи ўринни Наманган туманидаги 22-сонли умумтаълим мактабининг «Яшил келажак» жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин эса, Мингбулоқ туманидаги 6-сонли умумтаълим мактабининг «Би эко бест» жамоасига насиб этди.



Таъкидлаш даркор, мазкур танлов ёш ўғил-қизлар ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик нормаларини кенг тарғиб этиш, уларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда она табиатга бўлган дахлдорлик ҳисси ҳамда масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА