Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрами арафасида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани марказидан 20 километр олисда жойлашган Узумзор маҳалласида янги қурилган 32-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият бошлади.
3 миллиард 56 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши натижасида ота-оналарнинг орзусидаги масканга айланган муассасада болажонларни замон талаблари асосида тарбия топишлари учун барча шароитлар яратилди. Шаҳардаги боғчалардан мутлақо қолишмайдиган ушбу муассасада 120 нафар жажжи болажонга ғамхўрлик кўрсатилади.
Бутунлай янгича қиёфа касб этган болалар боғчасининг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов фарзандларимизнинг келажакда ўқимишли, тарбияли, касб-ҳунарли бўлиб вояга етишида мактабгача таълим ташкилотларининг ўрни муҳимлигини таъкидлади.
[gallery-8533]
– Қишлоғимизда сўнгги йилларда бўлаётган ўзгаришлардан беҳад хурсандмиз. Оилавий поликликамиз, маҳалла гузари капитал таъмирланди, йўлларимиз обод бўлди, хонадонларимизга тоза ичимлик суви келди, – дейди меҳнат фахрийси Муслимхон Ҳошимов. – Боғчанинг иш бошлаши эса биз узумзорликларга энг улуғ, энг азиз айём арафасида улкан туҳфа бўлди.
Наманган вилоятида мактабгача таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, янгидан янги боғчалар қурилиши натижасида қамров даражаси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда бу кўрсаткич вилоятда 24 фоизни, шу жумладан Тўрақўрғонда 24,2 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб 74 фоизга, туманда эса 81,6 фоизга етди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА