Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўрақўрғонда 23 нафар ёш тадбиркорга имтиёзли кредитлар ажратилди
19:23 / 2021-01-18

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Ёшлик” ўйингоҳида Президентимизнинг беш муҳим ташаббусида илгари сурилган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшлар маънавиятини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, йигит-қизлардаги иқтидорни ривожлантириш, навқирон авлод вакиллари бандлигини таъминлаш, спорт соҳасида эришган ютуқларини янада кўпайтириш, касб-ҳунарга йўналтириш каби эзгу мақсадларга қаратилган “Ватан меҳри қалбимиздадир” мавзуидаги ёшлар фестивали ўтказилди.

Фестивалда қатнашган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов 2021 йил ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўлами янада кенгайиши, уларнинг орзу-интилишларини амалга оширишда туб бурилиш ясашини таъкидлади. Бунинг дастлабки самаралари Тўрақўрғондан бошланаётганлигини мамнуният билан қайд этди.

Вилоят раҳбари 10 нафар кам таъминланган оиланинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фарзандларига контракт-шартнома пуллари тўланганлиги ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган 23 нафар ёш тадбиркорга имтиёзли кредит олиш ҳақидаги сертификатларни топширди. Шунингдек, бир қатор ёш истеъдод эгаларига спорт ва мусиқа анжомлари, бадиий адабиётлар ҳам тортиқ қилинди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қошидаги ҳарбий оркестр, қоровул қўшинлари, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти қошидаги туман ўқув-спорт техника клуби аъзоларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Фестиваль доирасида “Тўрақўрғон ширинлик” қўшма корхонаси томонидан бунёд қилинган савдо марказининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу корхонада қурилган 32 та замонавий дўкон туман марказининг чиройини очиши билан бирга 60 нафардан зиёд ёшни иш билан таъминланишига ҳисса қўшди.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, фаол ва уюшмаган ёшлар иштирокидаги кенг қамровли фестиваль тадбирлари атоқли маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги мажмуада давом эттирилди. Шеърхонлик, ҳунармандчилик, спорт тадбирлари, бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкилланди. Фестиваль тадбирларида фаол иштирок этганларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА