French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида «экопост» ташкил қилинди
20:27 / 2023-01-14

Мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган «Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси» корхонасида Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони талабларини бажариш мақсадида «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти тизимида илк бор ишлаб чиқариш фаолиятида атмосфера ҳавосига ташланадиган ифлослантирувчи моддаларни таҳлил қилувчи замонавий онлайн автомат тизими ҳамда аҳоли яшаш пунктларига туташ ҳудудларидаги стационар онлайн тизимдаги экопостлар жорий қилинди.

Ҳозирда мазкур ускуналар маълумотлари «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ва давлат Экология қўмитаси ўртасида тузилган интеграция қилишни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режасига асосан Ягона геоахборот маълумотлар базасида шаклланиб келмоқда. Бу эса ўз ўрнида, жамият фаолиятида «Яшил иқтисодиёт» технологияларини фаол жорий этиш орқали 2018 йилга нисбатан ифлослантирувчи моддаларнинг атмосфера ҳавосига ташланиши қарийб 500 тоннадан 1500 тоннагача камайтирилишига эришилади.

Таъкидлаш ўринлики, атроф-муҳитга таъсирни камайтириш мақсадида, «Иссиқлик электр станциялари» корхоналари фаолиятида энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам кенг жорий қилинмоқда. Жумладан, Тўрақўрғон ИEСда ҳозирги кунда 1,2 гектар бўш турган майдонда қуввати 1060 кВт бўлган 1482 бирлик қуёш панеллари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу станция фойдаланишга топширилгач, дастлабки ҳисоб-китобларга йилига 1,9 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва бунинг эвазига 400 миллион сўм иқтисод қилинади.

Станцияда ҳар бирининг сиғими 200 литрга тенг 6 та қуёш сув иситкичлари, 70 та қуёш ташқи ёриткичлари, 110 та сенсорли ҳаракат датчики ўрнатилган. Бу ўз навбатида, энергосамарадорлик ҳамда энергия тежамкорликка эришиш бўйича тадбирлар эвазига йилига жами 3627,7 минг кВт.соат электр энергиясини тежаш имкониятини беради.

– 2023-2024 йиллар давомида станциямиз атрофидаги бўш турган 15 гектар майдонда умумий қуввати 10,2 МВт тенг бўлган қуёш электр станциялари қуриш кўзда тутилган. Бу станциялар ишга туширилгач, йилига 18 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ҳамда бунинг эвазига 3,8 миллиард сўм маблағ иқтисод қилиниши режалаштирилмоқда, – дейди дейди Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бош директори Бахром Собиров. – «Долзарб 40 кунлик» акцияси доирасида янги қурилган электр станцияси теварак-атрофида «Яшил белбоғ» ташкил этиш мақсадида жами 3910 туп ўрик, бодом, қайрағоч, павловний каби ёш кўчат ниҳоллари экилди. Бундан ташқари, электр станциясига кириш жойларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш мақсадида 1100 туп турли гуллар экиб чиқилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 8 гектар майдонга жами 8770 туп манзарали ва мевали кўчатлар экилди. «Иссиқлик электр станциялари» тизими таркибига кирувчи корхоналар миқёсида лойиҳа асосида ўтган куз мавсумида 70575 туп дарахт кўчатлари экилиб, режа кўрсаткичлари 102,4 фоизга бажарилди.

«Тўрақўрғон ИEС» маъмурияти ва бир гуруҳ ходимлар ташаббуси билан Косонсой-Чуст автомагистралидан станцияга кириш томонида ястаниб ётган қарийб 1,5 гектар бўш қир-адир жойларга терраса шаклида 1360 туп ёш бодом ҳамда 200 туп ўрик ниҳоллари ўтказилди. Эрта баҳор кунларида эса ушбу майдонларга қўшимча равишда яна 2000 туп бодом кўчатларини экиш кўзда тутилган.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА