Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тўрақўрғон ИЭС” Фарғона водийсини 40 фоиз электр энергияси билан таъминламоқда
10:26 / 2020-12-02

Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси мамлакатимиз электр тизимининг энг йирик ва муҳим объекти ҳисобланади.

Ушбу иншоот ишга тушгандан айни вақтга қадар 5,3 миллиард кВт электр энергия ишлаб чиқарди. Ҳозирги кунда иккита энергоблок тўла қувватда 900 МВт электр энергиясини тармоққа узатмоқда.

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бош директори Искандар БОСИДОВ бу ердаги иш жараёни ҳақида сўзлаб берди.

– Аввало, “Тўрақўрғон ИЭС” фаолияти билан танишиш ва ўрганишга келган ОАВ вакилларига миннатдорлик билдираман, – деди И.Босидов. – Негаки, бу ердаги электр энергия ишлаб чиқариш ускуналари ва иш тартиблари ҳақида оммага етказиш ниҳоятда фойдалидир. Ушбу ИЭС бугунги кунда водийни 40 фоиз электр энергия билан таъминлаяпти. Шу боис, бу станциянинг аҳамияти катта. 350 нафар ишчи-ходимнинг 200 нафари наманганликлар, уларнинг 100 нафарга яқини Тўрақўрғон туманидан. Ишчи-ходимлар учун барча қулайлик яратилган. Уларга ўз вақтида ойлик маоши берилади. Ишлаб чиқаришнинг 90 фоизи рақамли технологияга асосланган. Станциядаги бошқарув пульти орқали жараён назорат қилинади.  

Бу ерда иш 24 соат узлуксиз давом этади. Жамоамиз юқори малакали мутахассислардан иборат ва улар ўз устида доимий ишлайди, изланади. ИЭСда ишлаб чиқарилган қувват Наманган вилоятиниг “Қизил-Рават”, “Сардор” ва Андижон вилоятининг “Юлдуз” нимстанцияларига узатилмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу станция ишлаб чиқариладиган 900 МВт қувватни худди шундай эквивалентдаги қувватни ишлаб чиқарувчи бошқа ИЭСлар билан таққослаганда йилига 730 миллион метр куб табиий газни тежаш имкониятига эга. Ҳозирги кунда 1 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун станция шартли ёқилғи сарфи 226 гр кВт.ни ташкил этади. Бу эса минтақадаги экологик вазиятни яхшилашда муҳим омилдир.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27-28 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Энергетика вазирлиги ва унинг ҳузуридаги “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-турда ОАВ вакиллари “Фарғона ИЭМ” АЖ ва “Тўрақўрғон ИЭС” фаолияти билан танишган эди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА