Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўра Боболов: “Ёшлар дафтари” асосида ҳар бир ёшнинг меҳнат фаолияти назоратимда бўлади
21:07 / 2020-12-15

Бугун, Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Боболов маҳаллий телевидение орқали мурожаат этиб, жамият учун муносиб ўғил-қизларни камолга етказаётган ва фарзанди келажаги учун бефарқ бўлмаган ота-оналарга чуқур миннатдорлик билдирди. Таълим муассасини тугатиб, олий ўқув юртларига ҳужжат топширмаган ёки тест синовларида етарли балл тўплай олмаган фарзандлари бандлигини таъминлашга кафолат беришини алоҳида таъкидлади.

–Сизларни азиз фарзандингиз таълим муассасасини битириб, ёруғ орзу-умидлар оғушида катта ҳаёт остонасига қадам қўяётгани билан чин дилдан табриклайман,–деди вилоят раҳбари.–Бугун юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшларни чуқур билим ва етук малакали, ҳар тарафлама баркамол этиб тарбиялашга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу мақсад йўлида таълим тизимининг барча бўғинларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Сизларнинг жондан азиз ўғил-қизларингиз ҳам ўзининг улуғ орзу-мақсадларига эришиб, жамиятда муносиб ўрин топишига ишончимиз комил. Бу йўлда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Агар фарзандингиз олий ўқув юртида таълим олишни мақсад қилиб, талабалик бахтига муяссар бўлса, унинг юқори малакали мутахассис бўлиб улғайиши учун давлатимиз томонидан барча шароит яратилган. Олий ўқув юртларига ҳужжат топширмаган ёки тест синовларида етарли балл тўплай олмаган ёшларимизни иш билан таъминлаш кафолатини шахсан мен ҳудуд раҳбари сифатида ўз зиммамга оламан. Шу мақсадда махсус “Ёшлар дафтари” асосида ҳар бир ёшнинг меҳнат фаолияти назоратимда бўлади. Шунингдек, фарзандларимизнинг хоҳиш ва истакларига қараб, уларнинг профессионал таълим муассасаларида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликларга эга бўлишлари учун барча имкониятларни сафарбар этамиз.

Фарзандингиз хорижий мамлакатларда ишлаш ниятида бўлса, давлатимиз томонидан Мудофаа вазирлиги тизимида йўлга қўйилаётган янги тартибга кўра, улар учун қисқа муддатларда замонавий касб-ҳунар эгаллаш ва хорижий тилларни ўрганиш имконияти яратилади. Бундан кўзланган асосий мақсад – фуқароларимизни чет давлатлардаги компанияларга махсус тайёрловдан ўтган ва марказлашган ҳолда ишга юбориш, уларнинг ўз меҳнатига яраша муносиб ҳақ олиши ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдан иборатдир. Хорижда ҳалол меҳнат қилиб, даромад орттирган ёш мутахассисларимиз ва уларнинг оилаларига юртимизда имтиёзли ипотека кредитлари асосида замонавий уй-жойлар қуриб берилади.

Азиз ота-оналар!

Ўғил-қизларимизнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши учун маҳаллий ижро органи раҳбари сифатида мен ҳам масъул ва жавобгар эканимни яна бир бор таъкидлайман. Сизларни ишонтириб айтаманки, ёшларимизнинг билим олиши, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлаштириш ва уй-жой билан таъминлаш ҳамда ўз бизнесларини йўлга қўйишида баҳамжиҳат ҳаракат қилиб, бамаслаҳат иш олиб борамиз. Шу асосда келажагамиз эгалари бўлган ўғил-қизларимизни, уларнинг ота-оналарини рози қилган бўламиз. Ана шундай улуғвор йўлда барчангизни ҳамкорликка чақираман. Зеро, ёшлар келажаги учун барчамиз масъулмиз!

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, жорий йилда воҳада 3 минг 389 нафар ёшлар олий таълим муассасаларини, 10 минг 179 нафари ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва 38 минг 534 нафари умумтаълим мактабларини битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Шу кунгача умумтаълим мактабларини тугатган 5 минг 850 нафар ўғил-қиз бандлиги таъминланди. Уларнинг 32 минг 684 нафари олий ўқув юртларига ҳужжат топширди. Касб-ҳунар коллежлари тамомлаган ёшларнинг 219 ва олий таълим муассасаларини тугатган йигит-қизларнинг 2 минг 840 нафари ишли бўлди. Вилоятда келажагимиз эгаларини ишга жойлаштириш “Ёшлар бандлигини таъминлаш” бўйича белгилаб олинган “Манзилли режа” асосида давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА