Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўра Боболов: “Сурхондарёда қурилаётган иншоотлар бошқа ҳудудларга нисбатан арзон бўлиши керак”
21:13 / 2021-12-29

Термиз шаҳридаги Мангузар массивида ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 100 оилага мўлжалланган кўп қаватли янги уй фойдаланишга топширилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва янги хонадонларнинг соҳибу, соҳибалари иштирок этган тантанали тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилиб, барчага бирдек юксак эҳтиром кўрсатилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор ва боқувчисини йўқотган инсонларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаб, уй-жой билан таъминлаш ва муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айлангани қайд этилди.

Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтаётган йилда “темир дафтар” га киритилган оилаларнинг 5 минг 35 нафари доимий даромадга эга иш билан таъминланди. 21 мингдан ортиқ оилага 26,4 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Ўтган йили ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор 50 оила бепул уй-жой билан таъминланган бўлса, якунланаётган йилда 14 миллиард 762 миллион сўм маблағ эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор ва боқувчисини йўқотган 100 хонадонга мўлжалланган беш қаватли арзон замонавий уй бунёд этилди. Янги йилда яна 200 эҳтиёжманд оилага мўлжалланган кўп қаватли уйга пойдевор ташланади.

– Сизларнинг муаммонгизни ечиб, оғирингизни енгил қилиш биз учун шарафли бурч, – деди тантанали маросимда вилоят ҳокими Тўра Боболов. – Бу уйни арзон ва сифатли барпо этишга алоҳида аҳамият берганимизнинг маъноси ҳам шунда. Аслида Сизлар Янги йилни қарши оладиган ушбу уй ҳам фуқароларимизнинг Термиз шаҳрида ўтказган сайёр қабулларимиз чоғидаги мурожаатлари асосида қад ростлади. Биласизларми, вилоятимизда қурилаётган иншоотлар бошқа ҳудудларга нисбатан арзон бўлиши керак. Қурувчиларга ҳозир шундай талаб қўйганмиз. Чунки, цемент маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилади. Етарлича шағал ва қум бор. Пишиқ ғишт ва бошқа қурилиш материаллари ҳам ўзимизда мавжуд. Эндиликда буларнинг барчаси инсон манфаатларига хизмат қилиши лозим. Мана, сизларга қуриб берилган янги уйнинг бир квадрат-метр таннархи 3 миллион 200 минг сўмни ташкил этмоқда. Насиб этса Янги йилда яна икки юз эҳтиёжманд оилага мўлжалланган кўп қаватли ана шундай уйга пойдевор ташлаймиз. Иккинчидан, бу уйларга эгалик қиладиган фуқароларимизни бир йўла аниқ даромадга эга иш билан ҳам таъминлаймиз.

“Термиз қурилиш саноат” ишлаб чиқариш корхонаси бунёдкорлари барпо этган кўп қаватли арзон уйда барча шароит яратилган. Ошхона ва бошқа ёрдамчи хоналар замонавий усулда жиҳозланган.

– Турмуш ўртоғим ногирон, – дейди Наргиза Тўраева. – Тўрт фарзандимиз бор. Кўп йиллардан буён ижарада яшаб келаётган эдик. Бугун қувончимизнинг чеки йўқ. Янги йилни ўзимизнинг барча қулайликларга эга икки хонали янги уйимизда нишонлайдиган бўлдик. Бундан фарзандларимизнинг суюнганини айтмайсизми? Энг муҳими уй учун бошланғич тўлов ҳам ҳомийлик асосида тўлаб берилди. Бизга бундай ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Янги уйнинг 1 миллиард 500 миллион сўм бошланғич тўловини вилоят ҳокимлиги ва Президентимизнинг вилоятдаги Халқ қабулхонаси тўлаб берди.

Вилоят ҳокими янги хонадонларда яратилган шароитлар билан танишиб, байрам совғаларини топширди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА