English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўра Боболов: Оналар ҳаётдан рози бўлса, фарзандлар бахтли, юрт янада обод бўлади
19:10 / 2020-12-15

Очиқ мулоқотда ечими вақт талаб этадиган масалалар учун аниқ муддат белгиланиб, ижроси қатьий назоратга олинди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов мамлакатимиз ҳудудларида биринчи бўлиб тегишли ўринбосарлари, секторлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан Термиз туманида “Аёллар дафтари”га киритилган онахонлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Уларнинг дарду-ташвишларини тинглади. Дуч келаётган муамммоларини масъуллар билан биргаликда ечиш йўлларини излади.

Президентимизнинг бевосита ғояси асосида ўттиз ёшдан ошган аёлларни уйма-уй юриб, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар, аёлларни аниқлаш ва уларни “Аёллар дафтари”га киритиб, муаммосини ҳал этиш борасидаги ишлар ўз самараларини бермоқда. Шунга мувофиқ ўтган қисқа даврда вилоят маҳаллалари кесимида аёлларнинг турмуш даражаси ўрганилиб, олти қатламга ажратиб олинди.

Термиз туманидаги 29 маҳалла фуқаролар йиғинида 38 минг 269 хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг 71 нафари раҳбар лавозимларида меҳнат қилмоқда. Ҳозиргача маҳаллалардаги 18 минг 314 хонадонда хатлов ўтказилиб, ўттиз ёшдан ошган 17 минг 229 нафар аёл аниқланди. Уларнинг 300 нафарга яқини “Аёллар дафтари”га киритилди.

Айни пайтда туманда 2 минг 280 нафар аёл ишсиз сифатида руйхатга олинган бўлиб, уларнинг 1 минг 480 нафари ишга жойлаштирилди. “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизларнинг 137 нафари касбга ўқитиш марказида ошпазлик, сартарошлик, компьютер оператори, тикувчилик, каштадўзлик, гиламчилик каби йўналиш бўйича ўқитилиб, бандлиги таъминланди.

Учрашувда тумандаги Солиобод маҳалласида яшайдиган Дилфуза Улуғбердиева уй бекаси эканини айтиб, чорвачилик билан шуғулланишга қизиқишини билдирди. Маблағи йўқлиги сабабли бу орзусини амалга оширолмаётганини айтди.

– Уйда қўй боқиш имкониятим бор, – дейди Д. Улуғбердиева. – Лекин, маблағим йўқ. Агар ўттиз миллионча банк кредити ажратилса, ўзимнинг бандлигимни таъминлаган ва рўзғоримни бутлаб олган бўлар эдим.

Халқобод маҳалласида “Аёллар дафтари”га киритилган Зулфия Муслимова Фарғона водийсидаги қариндошлари маслаҳати асосида мебель ишлаб чиқариш цехи барпо этиб, даромад топишга бел боғлаганини маълум қилди. Бунинг учун ихчам ускуналар харид қилишга 60-80 миллион сўм атрофида кредит сўради. Агар бу масала еичимни топса, фарзандлари билан бирга бежирим мебеллар ишлаб чиқариш имконияти борлигини таъкидлади.

Ҳар иккала масала ҳам жойида кўриб чиқилиб, ҳал этиладиган ва тегишли банк кредити ажратиладиган бўлди.

– Аёллар билан учрашув бўлишини эшитиб, келдим, – дейди Ангор тумани Деҳқонбирлашув маҳалласида яшайдиган ёлғиз она Озода Чориева. – Бир фарзандим бор. Ота-онамнинг уйида тураман. Маҳалладан ёрдам сўрамаганман. Болалар ва аёллар кийим-кечагини тикиб, турмуш кечираяпман. Фарзанд билан ота-онанинг рўзғори яшаш ҳам аёл кишига оғир ботар экан. Қариндошларим янги қурилаётган арзон уйларнинг бошланғич тўловини қоплашга кўмаклашмоқчи. Фақат сизлардан субсидия олишимга ёрдам беришни сўрамоқчиман. Уйнинг кейинги кредит тўловларини ўзим эплаб кетаман.

Бу масала ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди.

– Ораларингизда моҳир касб эгаси бўлган ёки олий маълумотли ишсиз аёллар бор бўлиши мумкин, – дейди вилоят ҳокими. – Муаммоларингизни тортинмасдан бемалол айтинг. Уй-жой масаласида мурожааат этмоқчи бўлганларни ҳам тинглаб, қўлдан келганча ёрдам берамиз. Бизнинг вазифамиз сизларнинг ҳар бирингиз билан алоҳида ишлаб, турмуш даражангизни оширишга кўмаклашиш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашингизга шароит яратиб беришдир. 

Зеро, оналар ҳаётдан рози бўлса, фарзандлар бахтли, юрт янада обод бўлади. Фақат, чорвачилик билан шуғулланашни кўнглига туккан аёлларимизга таъминотчилар чорва молларини бозор баҳосидан баланд нархда сотмасин. Буни мутасаддилар алоҳида назоратга олишини топшираман. Бу масаланинг сўрови қаттиқ бўлади. Таъминотчилар шуни тўғри тушунсин.

Учрашувда ишсиз аёллар томонидан чорвачилик, тикувчилик, нонвойлик, қандалотчилик, аёллар ва гўзаллик салони каби касблар билан шуғулланиш ташаббуси ўртага ташланган ғоялар ҳам жойида қўллаб-қувватланиб, зарур ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Энг муҳими бундай ташаббусни ўртага ташлаган оналарнинг аксарияти маҳалласидаги “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизлар билан бирга меҳнат қилишга шайлигини маьлум қилди.

Очиқ мулоқотда ечими вақт талаб этадиган масалалар учун аниқ муддат белгиланиб, ижроси қатьий назоратга олинди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда олти мингга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 1 минг 800 нафари воҳадаги 30 та тикувчилик корхонасида ишга жойлашди. 1 минг 474 хотин-қиз ўз қизиқишларига қараб, турли касб-ҳунарга ўқитилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА