Бугун, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг ҳудудни 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йил учун белгиланган вазифалар юзасидан аҳолига мурожаати эшитилмоқда.
Мурожаатда якунланаётган йилда барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар алоҳида таъкидланди. Вилоят раҳбари аҳоли билан очиқ мулоқот тизимининг самаралари, мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволи ва фуқароларнинг мурожаат этиш маданияти ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди
–Ўтаётган йилда шахсан ўзим фуқаролар билан ҳудудлараро 22 та сайёр қабул ўтказдим, – деди Т.Боболов. – Унда 3 минг 150 та мурожаат қабул қилиниб, ҳозиргача 2 минг 214 таси ёки 70 фоизи қаноатлантирилди. Шунингдек, фуқаролардан тўғридан-тўғри 166 минг 113 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 140 минг 51 таси ёки 90 фоизи қаноатлантирилган. Лекин, вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими яхши йўлга қўйилган, дея олмаймиз.
Жумладан, ўтган йилга нисбатан Бандихон, Ангор, Жарқўрғон, Музработ туманлари ва Термиз шаҳрида аҳоли мурожаатлари сони ошган. Афсуски, бугун аҳолининг ҳуқуқий онгини, хусусан, мурожаат маданиятини юксалтириш ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Мурожаатлар ичида баъзан оддий мантиққа тўғри келмайдиганлари ҳам учрайди. Халқимизда «ўйнаб ёзсанг ҳам, ўйлаб ёз», деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Бир ташкилотга мурожаат йўллаётган одамда сўз масъулияти, фикр маданияти, маълумотлар учун жавобгарлик ҳисси бўлиши керак.

Ўтказилаётган сайёр қабулларда тўрт муччаси соғ, куч қувватга тўлган, ишлаб чарчамайдиган ёшда бўлган айрим фуқароларимиз ҳам турли масалаларда моддий ёрдам бериш ҳақида мурожаат қилиб қолади. Улар ичида ҳаттоки бир йилда 3-4 марта моддий ёрдам ажратилган одамлар ҳам учраб турибди. Шуни айтишимиз керакки, ўқимаган бўлса ҳам, дипломи бўлмаса ҳам меҳнат қилиб, уйида тикувчилик қилиш, чорва билан шуғулланиш, томорқасига экин экиш орқали пул топаётган ва ҳалол меҳнати билан оиласини боқаётган, керак бўлса орамизда ногирон бўла туриб, меҳнат қилиб, даромад олаётган фуқароларимиз борлиги албатта, бизни қувонтиради. Кексаларимиз бежиз «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб зикр қил», демайди.
Албатта, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш, ўрганиш, таҳлил этиш учун вақт керак. Агар мурожаатларда кўтарилаётган масалалар муайян ҳудуд, одамлар, умуман, жамиятимиз учун фойдали, адолатли ва ўринли бўлса, нур устига аъло нур бўлар эди. Мисол учун, жорий йилнинг ноябрь ойида Узун тумани «Ўланқул» маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаро мурожаат этиб, ҳудуддаги муаммоларни ўртага ташлади. Уларнинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, маҳаллада янгидан 120 ўринли боғча қуриш бошланди. 15 километр ички йўлга тош ётқизилди. Янгидан 2 километр электр тармоғи тортилиб, 1 дона трансформатор ўрнатилди. Икки маҳаллани боғловчи ва ўқувчиларнинг мактабга бориши учун янги кўприк қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Сессия давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА