Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” ғояси асосида боғ ва токзорлар қатор ораларидан самарали фойдаланишга қаратилган минтақавий семинар ўтказилди.
Қорақалпоғистонлик ва хоразмлик агрономлар, мутахассислар, фермерлар ва боғдорчилик хўжаликлари эгалари ва экспортёрлар иштирок этган тадбир Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа ҳамкор бошқарма ва ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
Тадбирда Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим дастуриламал экани таъкидланди.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзоларининг тўқсонбости экинларини экиш бўйича фермерларга мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Уста деҳқонлар тилида “Тўқсонбости” деб аталадиган бундай усул яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртанги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини ҳам беради. Натижада қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимиз тўкин-сочин, нарх-наво барқарор бўлади.
– Ушбу масалага вилоятимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг соғлом овқатланиши, халқимиз дастурхонига йил давомида ҳар хил сабзавот маҳсулотларининг етиштирилиши ва етказиб берилишини таъминлаш мақсадида айни кунларда вилоятимизнинг барча туманларида “Тўқсонбости” усулида сабзавот экинлари, яъни пиёз, саримсоқ пиёз ҳамда кўкатларни экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон фермерлари кенгаши Хоразм вилоят бўлими раҳбари Рўзимбой Қурбонов. – Жумладан, 2026 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларида 12 минг 686 гектар тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг август-сентябр ойларида барча тоифа хўжаликларида экилиши режалаштирилган майдонларга 5 минг 656 гектар пиёз ва саримсоқ пиёз экинлари экилиши таъминланди. Шунингдек, ноябрь-декабрь ойларида экилиши лозим бўлган 7 минг 30 гектар тўқсонбости сабзавот экинларининг бугунги кунда 2 минг 755 гектар майдонларига экинлар экилди. Шундан 2 минг 755 гектарни боғ-ток қатор ораларига экилган тўқсонбости экинлари ташкил этади.
[gallery-26390]
Тадбирда йиғилганларга боғ қатор ораларини тўғри бошқариш, экинларни жойлаштириш ва агротехник тадбирларни самарали йўлга қўйиш борасида тушунчалар берилди.
Минтақавий семинарда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида экин турларини жойлаштириш масалалари, шунингдек, фермерлар, томорқа ер эгалари ва экспортчи корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида амалий таклифлар ва мулоҳазалар билдирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари