Кузда ерга экилиб, бир қор кўрган сабзавот уруғлари эрта баҳорда илк ҳосилни беради. Шундай маҳсулотлар мавсум бошида бозорларда катта талабга эга бўлиб, эл дастурхонининг тўкинлигига хизмат қилади. Халқ орасида “Тўқсонбости” номи билан машҳур бўлган бу усул ҳозирда Тошкент вилоятида кенг қўлланилмоқда.
Вилоятнинг ҳар бир ҳудуди ўз имкониятлари ва шароитларига асосланиб, сабзавотчиликда катта тажриба тўплаган. Келгуси йил баҳорида ички бозорларда нарх-навони барқарор сақлаш, эртаки экспортбоп сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 35 минг 554 гектар боғ-қатор ораларига тўқсонбости усулидаги экинлар экиш режалаштирилган.


Бўка туманида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ва туман ҳокимлиги, Фермерлар кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ўтказилган кўргазмали семинарда ушбу вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудуд фермерлари ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари мавсумда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот олди.
Семинарда боғ-қатор оралари, дала четлари ва йирик йўл бўйидаги очиқ майдонларда сабзавот ва кўкатларни экишдан, етиштиришгача бўлган барча жараёнлар муҳокама қилинди. Айниқса, маҳсулотларнинг хариди ва савдоси масаласи бўйича кооперацияларни ташкил этиш ва ҳосилни карантин инспекторлари назоратида парваришлаб, давлат ва ташқи бозор талабларига мос ҳолда экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилди.


Тошкент вилояти фермерлар кенгаши раиси Шуҳрат Дўсбеков, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқарма бошлиғи Фурқат Муҳайминов ҳамда мутахассислар ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда боғ-қатор ораларига сабзавот экинларини турлар бўйича экиш ва парваришлаш борасида тажриба алмашиш ҳамда қўлланма кўрсатмалар бериш муҳимлигини таъкидлади.
Вилоятда ҳозирданоқ мавсумга тайёргарлик кўриб, бозор талабларига жавоб бера оладиган маҳсулотлар етиштириш йўлида изчил ҳаракат қилинмоқда.


А.Мусаев, ЎзА мухбири