Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўқсон бешта фил кучидан фойдаланиб қурилган Самарқанддаги масжид 
10:18 / 2021-05-10

Ватанимиз тарихидаги 10 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1399 йил (бундан 622 йил олдин) – якшанба куни муқаддас рамазон ойининг тўртинчисида Амир Темур Бибихоним жоме масжидига пойдевор қўйди ва қурилишнинг боришини шахсан кузатиб турди.

Соҳибқирон Ҳиндистондаги юриш пайтида: агар Самарқандга саломат қайтиб борсам, бир жоме масжиди қурдираман, деб ният қилган эди. Шунинг учун Самарқандга келибоқ масжид қуришни буюрди. 10 майда масжид лойиҳаси чизиб тайёрланди ҳамда Форс, Озарбайжон ва Ҳиндистондан келтирилган икки юз нафар сангтарош уста ишни ўша куниёқ бошлаб юборди.

Беш юз киши тош кесиш учун тоққа юборилган эди. Тоғдан тош келтириш учун Ҳиндистондан олиб келинган тўқсон бешта филдан фойдаланилди. Мамлакатда маълум бўлган барча меъморлар ва ҳунармандлар ишга машғул эди. Ҳар ишнинг бошига бир шаҳзода билан бир бек масъул қилиб тайинланган эди, афтидан, бу мансабдаги киши шу ишни моддий таъминловчи бўлган.

1880 йил (бундан 141 йил олдин) – Хислат тахаллуси билан ижод қилган шоир ва таржимон, ўзбек мумтоз адабиёти намоёндаларидан бири Ҳайбатуллахўжа Орифхўжа ўғли таваллуд топди (вафоти 1945 йил). У 1908–1909 йилларда Навоий ижодини мутолаа қилиб, “Фарҳод ва Ширин” ҳамда “Лайли ва Мажнун” достонларининг соддалаштирилган насрий нусхаларини тайёрлаган ва ўз ҳисобидан нашр этган.

1903 йил (бундан 118 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғафур Ғулом таваллуд топди (вафоти 1966 йил). Юртимизда 2003 йилда шоир таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Ғафур Ғулом, вафотидан сўнг, 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1909 йил (бундан 112 йил олдин) – актёр ва кинорежиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Йўлдош Аъзамов таваллуд топди (вафоти 1985 йил). У режиссёр сифатида 1958 йилда “Мафтунингман”, 1969 йилда “Ўтган кунлар”, 1973 йилда “Меҳробдан чаён” (“Зулматни тарк этиб…”) каби фильмларни яратди.

1920 йил (бундан 101 йил олдин) – математик олим ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Саъди Сирожиддинов таваллуд топди (вафоти 1988 йил). Ўрта Осиё мутафаккирларининг илмий меросини ўрганишда, Ўрта Осиё, айниқса, Ўзбекистон учун юқори малакали математик мутахассислар тайёрлашда Саъди Сирожиддиновнинг хизматлари катта. У вафотидан сўнг, 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1937 йил (бундан 84 йил олдин) – кинооператор, режиссёр Ҳотам Файзиев дунёга келди. У “Сен етим эмассан”, “Тошкент нон шаҳри”, “Ўтган кунлар”, “Чимилдиқ” каби фильмларга операторлик қилди. У 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

1939 йил (бундан 82 йил олдин) – биотехнолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Асқар Холмуродов таваллуд топди (вафоти 1997 йил). У “Корник” деб аталадиган биологик препаратни кашф этган.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси ҳамда Покистон Ислом Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади