Бухорода вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Амалга оширилган ишлар бўйича вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев ахборот берди.
Таъкидланишича, давлат раҳбарининг 2023 йил 5 июлда қабул қилинган “2023-2025 йилларда Бухоро вилоятида пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари ҳамда касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилда Бухоро вилоятини “аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудуд”га айлантириш бўйича асосий вазифа ва йўналишлар белгилаб олинган.
[gallery-14422]
Январь-сентябр ойлари давомида 345,2 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлашга эришилди. Йўналишлар ва соҳалар бўйича кўрадиган бўлсак, тадбиркорлик, савдо ва сервис ҳамда ҳунармандчилик йўналишларида 105,1 минг нафар, йирик инвестициялар ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 11,5 минг нафар, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги соҳасида 219,5 минг нафар, қурилиш ва коммунал соҳада 9,2 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишларни аҳоли ва жамоатчиликка етказишдаги фаоллиги учун соҳа ходимларидан бир гуруҳи статуэтка ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Журналист ва блогерлар мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан кенг қулоч ёйган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали дарахтлар кўчатларини ўтқазиш ишларида иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари