Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан сўнгги тўққиз ой давомида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров жорий йилнинг 9 ойида маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан қиймати 1,86 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани ва ўсиш суръати 113,4 фоизни ташкил этганини таъкидлади.
Мутасаддининг сўзларига кўра, инвестиция дастурининг 29 та лойиҳаси доирасида 500,9 миллиард сўм, жумладан, 18,6 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Кўрсатилган давр мобайнида соҳада қиймати 244,7 миллиард сўмга тенг 6 та йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди ва бунинг натижасида 252 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, 9 ой давомида фармацевтика соҳасида 48,5 миллион долларга тенг маҳсулот экспорти амалга оширилган. Ушбу кўрсаткич режага нисбатан 121,7 фоизни ташкил этади.
Маълумот учун, 2021 йил 5 ноябрь ҳолатига кўра, юртимизда дори воситаларини ишлаб чиқарувчи 98 та маҳаллий корхоналар фаолият юритмоқда. 2021 йилда жами 8 та янги ташкил этилган корхоналар дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензиялар билан таъминланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА