Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўққиз нафар боксчимиз ярим финалда!
10:08 / 2023-05-11

ФОТОРЕПОРТАЖ

Пойтахтимиздаги муҳташам кўп тармоқли “Humo Arena”спорт мажмуасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг чорак финал жанглари якунланди.

Жаҳон чемпионатининг чорак финал жангларини биринчи бўлиб Ҳасанбой Дўсматов бошлаб берди. У -51 кг вазн тоифасининг амалдаги чемпиони япониялик Томоя Субоини мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. 

Бухоролик боксчимиз Абдумалик Халоков ҳам ажойиб ғалабаси билан ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳамюртимиз иорданиялик Ишиш Юсуф устидан ката қийинчиликсиз ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатининг медалини нақд қилди.

Боксчиларимизнинг чорак финалдаги ғалабали юриши давом этади. Бу гал Руслан Абдуллаев -63.5 кг вазн тоифасида ярим финал йўлланмасига сазовор бўлди. Жаҳон чемпионати дебютанти чорак финалда франциялик Лоунес Хамроуидан устун келди.

[gallery-11833]

Ярим финал йўлланмасини қўлга киритган боксчиларимиз сафи яна биттага ошди. -71 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Саиджамшид Жафаров россиялик Игорь Свиридченков устидан ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасига эга бўлди.

Оғир вазн тоифасидаги умидли боксчиларимиздан бири Лазизбек Мулложонов (-92 кг) мусобақадаги сенсациялардан бирига муаллифлик қилди. Ҳамюртимиз икки карра Олимпиада чемпиони, 5 карра жаҳон чемпиони кубалик Хулио Ла Крусни ушбу мусобақада медалсиз қолдирди.

Тақвим бироз ноқулай келганига қарамай, -54 кг вазн тоифасида жанг қилаётган Ойбек Жўраев ҳам ярим финалчилар қаторига қўшилди. Саккизинчи кундан баҳсларга киришган боксчимиз кетма-кет учинчи кун ўз жангини муваффақиятли якунлади. Бугал Ойбек испаниялик Габриэль Эскобарни мағлуб этди.

Афсуски, -60 кг вазн тоифасида жанг қилаётган юртдошимиз Мужибилло Турсунов чорак финалда россиялик Всеволод Шумковга мағлуб бўлиб, чемпионлик учун курашни тарк этди.

Яна бир Ўзбекистон ва Куба боксчиларининг қарама-қаршилигида ҳамюртимизнинг қўли баланд келди. -67 кг вазн тоифасида кашфиёт бўлаётган Асадхўжа Мўйдинхўжаев чорак финалда икки карра Олимпиада чемпиони Рониэль Иглесиасни мағлуб этиб, номдор рақибини “қуруқ қўл” билан уйига қайтариб юборадиган бўлди.

-86 кг вазн тоифасининг амалдаги чемпиони озарбайжонлик Альфонсо Домингез совринини муносиб ҳимоя қилмоқда. Ушбу боксчи Шоҳжаҳон Абдуллаевга қарши кечган муросасиз жангда ғалаба қозониб, ярим финалга йўлолди.

Куннинг сўнгги мусобақаси Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Камшибек Конкабаев тўқнашуви бўлди. Мазкур супер жанг тўлиқ 3 раунд давом этди ва унда ҳакамларнинг якдил қарори билан  5:0 ҳисобида Баҳодир Жалолов ғалаба қозонди.

Жаҳон чемпионати баҳслари 14 майга қадар давом этади.

Муҳаммад АМИН (сурат),ЎзА