Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўқимачилик тармоғи қўллаб-қувватланмоқда
12:07 / 2025-09-08

Фарғона вилояти Қўштепа туманида “Global Textile” компанияси томонидан қиймати 15 миллион доллар бўлган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 2,7 миллион дона трикотаж маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йиллик экспорт миқдори 5 миллион долларга тенг. Учкўприк туманидаги “Баҳодиров Акбаржон” оилавий корхона ташаббуси билан мато бўяш ва пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Қиймати 1,8 миллион доллар бўлган лойиҳа маҳаллий хомашёлардан бозорбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, кафолатли иш ўринлари яратиш имкониятини берди. Бу ўз ўзидан амалга оширилаётгани йўқ, албатта.

Фарғона вилоятида пахтани бирламчи қайта ишлашдан тортиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий лойиҳалар кўлами кўпайди. Айни кунда вилоят  тўқимачилик саноатида 1 271 та (25 та йирик) корхона фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 81 таси калава-ип, 65 тасида газлама, 51 та корхонада трикотаж, 129 тасида пайпоқ маҳсулотлари, тикув трикотаж йўналишида 789 ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган 156 та корхоналар мавжуд. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида тўқимачилик маҳсулотларининг саноатдаги улуши 28,5 фоиз (ўтган йилга нисбатан 105,9%), яъни 7,6 триллион сўмни ташкил этди. Ўтган даврда 109,8 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 97,8 минг тонна (шу жумладан, 7,1 минг тонна ёки 7,2% бўялган) калава ип ишлаб чиқарилиб, мавжуд қувватлардан фойдаланиш даражаси 92 фоизни ташкил этди.

Кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби тўқимачилик тармоғида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган занжирни қамраб олиш, замонавий ишлаб чиқариш борасидаги лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга бўлган эътиборнинг амалий намунаси сифатида бўй кўрсатмоқда.

Тўқимачилик иқтисодиётнинг “драйверига” айланиб бормоқда. Деҳқончиликка илм, замонавий техника, технологиялар кириб келди, манфаатдорлик ошди, ўзаро рақобат муҳити шаклланди.

– Жорий йилнинг 13 август куни Президентимиз раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш, янги имконият ва имтиёзлар бериш юзасидан берган топшириқлари бу борада янги имконият эшикларини очмоқда, - дейди Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов. – Мамлакатимизда етиштирилаётган пахта хомашёси юқори сифати, пишиқлиги ҳамда замонавий тўқимачилик саноати талабларига тўла жавоб бериши билан жаҳонда машҳур. Бугунги кундаги устувор вазифалардан бири, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш билан бирга маҳаллий хом-ашёлардан қўшилган қиймат занжирини яратиш. Ўтган йилнинг ўзида шу мақсадларга хизмат қиладиган 462 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Экспортёр агрокластер ҳамда фермер хўжаликлари томонидан 315 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу аввалги йилларга қиёсланганда 1,5 баробарга кўп.  Уч-тўрт йил олдин пахтани ип-калавага айлантириш 100 фоизни ташкил этган бўлса-да, ипдан кейинги босқичи 5 фоиздан ошмаган. Жорий йил якуни билан вилоятимизда мато ишлаб чиқариш 127 фоиз, бўяш 29 фоизга ва тайёр маҳсулот тайёрлаш 39 фоизга етади. Йил якунига қадар, мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, тўқимачилик саноатида қиймати 518 миллион долларлик 187 та лойиҳа амалга оширилади. Бу оддий рақамлар эмас. Унинг замирида минглаб иш ўринлари, логистика билан боғлиқ бунёдкорлик  ишлари мужассам.

М.Сулаймонов, ЎзА