Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ташкил этилганига 90 йил тўлиши муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тантанали тадбирда республикамизнинг турли давлат ташкилотларида ўз фаолиятини давом эттираётган институтнинг собиқ битирувчилари, жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбар ва ходимлари, вилоят ҳокимлари, турли пахта тозалаш, тўқимачилик, енгил, матбаа ва қоғоз саноат корхоналарининг раҳбарлари, дизайнерлар, ОАВ вакиллари иштирок эди.
Тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад институтнинг 90 йил давомида эришган ютуқларини сарҳисоб қилиш, илмий, назарий фаолияти билан кенг жамоатчиликни таништириш ҳамда пахта тозалаш, тўқимачилик, енгил, матбаа ва қоғоз таълим йўналишларида таҳсил олувчи ёшларда ўз институтига нисбатан муҳаббат туйғусини янада оширишдан иборатдир.
Тадбирда мазкур институт ректори Даврон Ваҳобов ушбу олийгоҳ ўзининг 90 йиллик фаолияти давомида минг-минглаб юқори малакали мутахассислар, шу жумладан 17 та хорижий мамлакатларга 800 нафар олий маълумотли кадрлар тайёрлаб берганлигини таъкидлади. Ҳозирги кунда институтда 6 минг 522 нафар талаба-ёшлар таҳсил олаётир. Уларга институтнинг 370 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари таълим бермоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, институтда бугунги кунда учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун “дуал” таълим тизими жорий этилган. Яъни талабалар ҳафтанинг уч кунида назарий дарслар билан машғул бўлишса, қолган уч кунида тўқимачилик технопарки ва корхоналарда амалий ўқув машғулотлар асосида ўқитилади.
Институт 90 йиллик фаолияти давомида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун ҳам юқори малакали мутахассислар тайёрлаб берган таянч олий даргоҳга айланди. Жумладан, институт 18 та давлатнинг 60 яқин олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Ҳозирда халқаро ҳамкорлик лойиҳалари доирасида чет эл гранти устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, Корея Республикаси ҳукумати гранти асосида институт қошида Корея-Ўзбекистон ўқув-амалий тўқимачилик технопарки фойдаланишга топширилиб, хорижий грантлар лойиҳалари доирасида махсус кийимлар лабораторияси, тери ва мўйна маҳсулотлари технологияси лабораториялари ташкил этилди.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Интеллектуал мулк агентлигига талабнома топшириш ва патент олиш бўйича республика олий таълим муассасалари ичида биринчи учталикда туради. Институт профессор-ўқитувчилари томонидан Интеллектуал мулк агентлигига патент олиш учун жами 150 га яқин талабнома топширилиб, 94 та патент – 43 та ихтиро, 21 та фойдали модел, 11 та саноат намунаси, 19 та муаллифлик гувоҳномаси олинди.
Тадбирда инстиут фаолияти, келгусидаги режалари хусусида батафсил сўз юритилди. Институт дизайнер-талабаларининг либослар коллекцияси намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Н.Усмонова, ЎзА