Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўқимачилик соҳасида янги қўшма лойиҳалар амалга оширилади
14:36 / 2026-03-04

Мамлакатимизда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, хусусан, жунни чуқур қайта ишлаш, ундан тайёр ип-калава ва мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида хорижий ҳамкорликлар кенгаймоқда. Натижада саноат кооперацияси мустаҳкамланиб, янги иш ўринлари яратилмоқда ва тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳалар юзага келмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов “Беллегпром” концерни раиси Надежда Лазаревич ҳамда “Камволь” ОАЖ бош директори Татьяна Лугина билан учрашув ўтказди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, “Камволь” тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик корхоналардан. Ип-калавадан тортиб тайёр мато тайёрлашгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга. Корхона ўз маҳсулотларини Европа ва МДҲ давлатларига экспорт қилиб келмоқда.

Учрашув давомида жунни чуқур қайта ишлаш, қўшма кооперация асосида ундан тайёр ип-калава ва мато ишлаб чиқариш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни Ўзбекистонга етказиб бериш йўналишлари кўриб чиқилди, дейилади Савдо-саноат палатаси маълумотида.  

Музокаралар давомида Беларусь матоларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда махсус иш кийимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, қўшма лойиҳа асосида 500 та иш ўрнига эга йирик тикувчилик фабрикасини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.  

А.РУСТАМОВ, ЎзА