Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбари раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида билдирилган фикрлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, тўқимачилик мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажмининг 3 фоизи, саноатнинг 14 фоизини ташкил қилади. Сўнгги беш йилда тармоқда 3,5 миллиард долларлик 396 та йирик корхона ишга тушди. Ишлаб чиқариш 10 миллиард долларга етди. Соҳада 500 мингдан ортиқ одам меҳнат қилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорларнинг муаммоларини ечиш учун тўқимачиликда “Долзарб юз кунлик” эълон қилиниши соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Муҳокамаларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш партиянинг муҳим йўналишларидан бири экани қайд этилиб, соҳада миллий маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тармоқ вакилларига енгилликлар яратилиши муҳимлигига урғу берилди. Шунингдек, дунё бозоридаги ўзгарувчан вазият, талаб ва нарх пасайиши кузатилаётган бир пайтда тармоқни қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳадаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган барча таклиф-ташаббуслар мазкур тармоқни ривожлантиришга, мамлакатимизни “тўқимачилик хаби”га айлантиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА