Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўқимачилик соҳасида 839,1 миллион доллар миқдорида 75 та лойиҳа амалга оширилади
17:10 / 2022-04-08

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида барча соҳалар қаторида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш юзасидан ҳам қатор вазифалар белгиланган.

Хусусан, тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш, экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини фаол давом эттириш орқали республика экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга чиқаришда кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш каби топшириқлар шулар сирасидан.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Кадрлар ва таълим муассасалари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Сардор ОДИНАЕВ Тараққиёт стратегияси ва унинг ижросини таъминлашга доир давлат дастурида белгиланган вазифалар юзасидан интервью берди.

– Аввало, Президентимиз фармони билан қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимиз равнақи йўлидаги энг муҳим дастур ҳисобланади, – деди С.Одинаев. – Негаки, унда ҳар бир соҳа учун муҳим вазифалар белгиланганки, уларнинг ижроси ва натижалари фақат халқимиз фаровон ҳаёти ва мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишини таъминлашга хизмат қилади. Шундай экан, ҳар бир фуқаро Тараққиёт стратегиясининг ижросига ўз ҳиссасини қўшиши зарур, деб ўйлаймиз.

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ҳам республикамиз иқтисодиётининг асосий бўғинларидан. Шу боис, ҳужжатда мазкур соҳага ҳам алоҳида мақсадлар кўрсатиб ўтилган. Унда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан бевосита амалга оширилиши керак бўлган 26 та вазифа белгиланган. Ушбу дастурдан келиб чиққан ҳолда уюшма томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган иш-режа ишлаб чиқилди.

Бугун, 8 апрель куни Миллий матбуот марказида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларига мазкур иш-режа асосида амалга оширилган ишлар ва режалар ҳақида маълумот бердик. Албатта, бундай ҳамкорлик соҳадаги янгиликларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур иш-режага мувофиқ, 1-чорак давомида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2022-2026 йилларда ишлаб чиқариш занжирида мавжуд бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган 225 та лойиҳа рўйхати шакллантирилди. Жорий йилда улардан умумий қиймати 839,1 миллион долларлик 75 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

2022 йилнинг январь-март ойларида тикув-трикотаж корхоналари томонидан маҳаллий ва брендларнинг буюртмаларига асосан 552 миллион дона тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 233,4 миллион долларлик экспорти амалга оширилди. Шунингдек, 8 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 2,1 мингдан зиёд қўшимча иш ўрни ташкил этилди.

Аҳамиятлиси, жорий йилда тармоқ корхоналари томонидан 50 минг сунъий тола қайта ишланиши режалаштирилиб, жорий йил январь-март ойларида 12 минг тоннага яқин сунъий тола хомашёси қайта ишланди.

Шунингдек, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳузуридаги Ўқув-амалий тўқимачилик технопарки негизида Корея Республикаси тадбиркорлари билан ҳамкорликда Маркетинг марказини ташкил этилиб, тармоқ корхоналари ва институт талабалари учун ўқув амалиёт курслари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, А.Н.Косигин номидаги Россия давлат университетининг билан тасдиқланган “Йўл харитаси” доирасида қўшимча 5 та таълим йўналишлари фаолияти йўлга қўйилади.

Салоҳиятли кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш масаласига келсак, республика тармоқ корхоналари ишчи ходимларини малакаларини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида уларни ўқитиш харажатларини 50 фоизини Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси қоплаб бериш тизимини жорий этилган. Мазкур ўқитиш тизими республиканинг тармоқ таълим коллежларида, техникумларда, мономарказларда амалга оширилмоқда.

Тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё ва озиқ-овқат саноати каби соҳалар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини юқори савияда ташкил этишни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Наманган давлат технология университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан келишилмоқда. Ушбу қарор лойиҳасида Наманган давлат технология университети таркибида Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этилиши кўзда тутилади.

Ўз навбатида, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида халқаро стандартларни жорий этиш ва сертификатлаштириш юзасидан тармоқ жадвали ишлаб чиқилди. Айни чоғда ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Мазкур тармоқ жадвалига кўра, 150 та соҳа корхоналарида “OEKО-tex”, “Sedeх”, “BSCI” , “GOTS”, “ISO 9001” ва бошқа замонавий халқаро стандартлар жорий қилинади. Шунингдек, 23 та соҳа корхоналарида “OEKО-tex”, “BSCI” ва “ISO 9001” сертификатларини жорий қилиниши бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тармоқ корхоналари фаолияти ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни экспортга йўналтириш борасида яқиндан кўмак бермоқда. Хусусан, тармоқ корхоналарининг Дубай, Варшава ҳамда Парижда ўтказилган халқаро кўргазмаларда иштироки ва бу борадаги дастлабки саъй-ҳаракатлари фикримиз исботидир.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.