Муносабат
Давлатимиз раҳбари раислигида тўқимачилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, соҳада ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари секинлашиши кузатилаётганлиги, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг таниқли брендлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, замонавий стандартларга ўтказиш ишлари оқсаётгани алоҳида таъкидланди.

Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларида толани қайта ишлаш қувватлари ўзидаги хомашёга нисбатан 2-2,5 баробар кўплиги айтилиб, соҳада зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар кўрсатилди. Ушбу муҳим масалаларни самарали ҳал этиш соҳадаги малакали кадрларга улкан масъулият юклайди.
Шуларни назарда тутган ҳолда, Наманган давлат техника университети жамоаси ҳам масъулиятни чуқур ҳис этиб ижобий ишларни ташкил этишга интилмоқда. Олийгоҳнинг тўқимачилик саноати инжинеринги факультетида бугунги кунда 1 минг 200 дан зиёд талаба таҳсил олиб келмоқда. Уларга 80 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда.

Факультет томонидан иш берувчи ҳамкор корхоналарда мутахассислик кафедра филиаллари ташкил этилган. Жумладан, “Ideal-орзу”, “Fazman”, “Namangan to'qimachi”, “Toshbuloq teks”, “Barkas” масъулияти чекланган жамиятлар каби ҳамкор корхоналарда очилган кафедра филиалларида таълим жараёнини “4+2” тартибида олиб бориш, малакавий амалиётлар ва битирувчи курс талабалари учун таълим жараёни тўлиқ корхоналарда ўтилиши йўлга қўйилган.
Таълим сифатини таъминлаш учун замонавий ўқув дастурларини имитация қила оладиган илғор педагогик технологияларни жорий қилиш, интерфаол шакллар, симуляцион усуллар ҳамда лойиҳавий усул ва воситаларни қўллаш орқали “Устоз-шогирд” тизими жорий этилган. Факультет қошида тўқимачилик технопарки ташкил этилган бўлиб, ушбу технопаркда 28 номдаги 5,7 миллиард сўмлик энг замонавий хориж жиҳозлари, жумладан, тўқув машиналар ва дастгоҳлар, принтер ва пресслар ўрнатилган.
Бу технопаркда ишлаб чиқариш ҳам ташкил этилган бўлиб, ҳамкор корхоналар билан тузилган шартномалар асосида маҳсулотлар тайёрлаб берилмоқда. Жумладан, “Porloq Chust brendi” масъулияти чекланган жамият билан тузилган шартнома асосида корхонага 18 миллион сўмлик хизмат кўрсатилди. Шунингдек, университетда тўқимачилик соҳасида илмий-тадқиқот билан шуғулланувчи “Илғор муҳандислик мактаби” фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Мазкур йўналишда ҳамкор корхона “Баркас” корхонасида ташкил этилган “Илғор муҳандислик мактаби” филиалида тингловчилар замонавий моддий-техник базаларда амалий тажрибаларни мунтазам шакллантириб боради. Унда талабалар хомашёдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлардаги илғор технологияларни корхона мутахассислари ва устозларидан ўрганиб, назарий билимларини амалиётга татбиқ этиш орқали ўзлаштириб боради.
Бир сўз билан айтганда, университет тўқимачилик соҳаси учун мутахассислар тайёрлашда замонавий тенденцияларни қамраб олиш, илғор муҳандислик мактаблари ва технопарклар фаолиятини йўлга қўйиш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошириш орқали мамлакатимизда драйвер йўналишлардан бири бўлган соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишни устувор мақсад сифатида белгилаб олган.
Жамолиддин Эргашев,
Наманган давлат техника университети
тўқимачилик саноати инжинеринги факультети декани,
техника фанлари доктори, профессор.
ЎзА.