Пойтахтимизда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳотлар ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасига бағишланган тўқимачилик бўйича касбий стандартлар асосида ишлаб чиқилган асосий касбий таълим дастурларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Маълумки, GIZ лойиҳасининг таркибий қисмлари ўтган йилнинг июль ойида бошланган бўлиб, даставвал, биринчи компонент мутахассислари томонидан тўқимачилик саноатида меҳнат бозорида талабгир бўлган 6 та касб – тикувчи, ип йигирувчи, тикувчиликда андозалар тайёрловчи, электрон техника асбобларини созловчи, тўқимачилик корхоналари қурилмалари монтажчиси, тўқимачилик соҳасида техник-технологлар учун 3-4 малака даражаси бўйича профессионал стандартлар ишлаб чиқилди.
Ишлаб чиқилган асосий касбий таълим дастурлари муаллифлари Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доцентлари ва Педагогик инновациялар институти методистларидир.
Маълумотларга кўра, лойиҳанинг ушбу компонентлари касб-ҳунар таълими ва таълим тизимини модернизация қилиш орқали тўқимачилик саноатини Ўзбекистон иқтисодиётининг энг динамик тармоқларидан бирига айлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Лойиҳа, шунингдек, тўқимачилик саноатида ёш мутахассисларни ўқитиш ва шу орқали уларни иш билан таъминлаш, барқарор даромад олишига ҳисса қўшади.
Қайд этилишича, мамлакатимизда дуал таълим ва кадрлар тайёрлашга мўлжалланган касбий таълим дастурлари илк бора тақдим этилмоқда.
GOPA консалтинг компанияси томонидан амалга ошириладиган лойиҳадан мақсад тўқимачилик саноатида профессионал стандартлар яратиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқишдан иборат.
Гулноза Бобоева, ЎзА