Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўқимачилик саноати ривожи йўлида “OSOFT” лойиҳаси тақдим этилди
15:35 / 2023-04-14

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида “Рақамли тўқимачилик: ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва таъминот занжири кузатувчанлигини таъминлаш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда барча соҳалар каби тўқимачилик тизимида рақамли трансформацияга ўтиш ҳар жиҳатдан қулай, самарадор ва кенг имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади. Яъни соҳанинг бизнес жараёнларига янги технологияларни жорий этиш, унда рақамли технологияларидан бизнес фаолиятини ўзгартириш ва яхшилаш учун ушбу тизим айни даврда муҳим ҳисобланади.

Шу сабабли, уюшма томонидан тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг рақамли стратегияси ва рақамли трансформацияни таъминлайдиган ва барқарор циркуляр тўқимачилик саноати ривожланишининг янги босқичига ўтишини англатувчи учта лойиҳа тақдим этилгани бунга яққол мисолдир.

Айни шу ишлар давомида ўтказилган семинарда тўқимачилик саноатини янги йўналишда ривожлантиришга хизмат қилувчи навбатдаги “Osoft” лойиҳаси тақдим этилди.

Туркиянинг “Osoft” компанияси бош директори Рифат Оглакнинг маълум қилишича,  ушбу лойиҳа ишончли ва тезкор дастурий инфратузилма сифатида ишлаб чиқаришдаги бизнес жараёнларни самарали бошқаришни таъминлайди. У ресурсларни режалаштириш, сотишни ташкил этиш, бюджетлаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва электрон ҳисоб-фактуралар каби соҳаларда самарали ечимдир.

– “Osoft” дастурий таъминоти амалга оширилган бошқарув тизимлари ёрдамида пахтадан то якуний маҳсулотгача кузатувчанлик концепциясини тақдим этади. Шунингдек, мослашувчан (озод) тизим ва режалаштириш усули ёрдамида кузатувчанлик учун нархни пасайтириш ва қўшимча юкдан озод қилиш орқали корхоналарга афзалликлар тақдим этади. Дастур  фақат тўқимачилик саноати учун мўлжалланган бўлиб, сичқончани бир  босиш билан кўйлак ёки шим ишлаб чиқариш учун асосий маълумотларни ўз ичига олган керакли рецептни яратади. У матодан аксессуаргача бўлган харажатларни ҳисоблаб, ушбу маҳсулот учун қанча бўялган мато ишлаб чиқариш ва бўялган мато учун қанча тўқув ёки трикотаж керак бўлиши ҳақида маълумот беради, – деди Рифат Оглак.

Семинар давомида жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш учун тўқимачилик саноатига рақамли технологияларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокома марказида бўлди.

– Ушбу тадбирда тўқимачилик саноати учун  рақамли трансформациянинг асосий афзалликлари ҳақида ҳам сўз юритилди, – деди «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова. – Рақамли  транформация – ишлаб чиқариш сифати ва тезлигини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва бизнес жараёнларини бошқаришдир. Бугунги семинарда тақдимоти ўтказилган дастур бутун ишлаб чиқариш занжирини кузатиш имконини беради. Бу маҳсулотларни брендлар ва йирик ритейлерларга етказиб беришда катта аҳамиятга эга. Уюшмамиз Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини рақамли трансформация қилиш бўйича фаол ишларни давом эттирмоқда. Бўлиб ўтган семинар бу йўлда яна бир қадам бўлди.  Айни кунларда уюшма “Osoft” компанияси билан биргаликда етказиб берувчилар ва соҳа ҳақидаги маълумотларни қидиришни соддалаштириш, мурожаатларни автоматлаштириш учун тўқимачилик саноатининг маълумотлар базаси ва уюшма хизматларининг мобил иловаси ишлаб чиқилмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА