English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоқаев: Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади
14:54 / 2024-06-28

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев оммавий ахборот воситалари ходимларини тақдирлаш маросимида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

– Барқарор энергия таъминотисиз иқтисодиётни ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши биласиз. Шунинг учун мен атом электр станциясини қуриш масаласини ўрганишни топширдим. Ҳозир кенг муҳокама қилинмоқда, турли фикрлар билдирилмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам фаол иштирок этиши керак, — деди Қозоғистон раҳбари. 

Тоқаев мамлакатда ҳақиқатан ҳам атом энергетикасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

– Улардан тўғри ва самарали фойдаланиш муҳим. Бу масала бўйича якуний қарорни халқ қабул қилади. Референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Aниқ санани ҳукумат белгилайди, — деди у. 

Шунингдек, Қозоғистон етакчиси “Қозоғистон дипломатиясининг мисли кўрилмаган ютуқлари”га ҳам эътибор қаратди. 

– Ташқи сиёсатга келсак, Қозоғистон кўп томонлама ҳамкорликка интилади ва замонавий халқаро ҳуқуқнинг асоси сифатида БМТ низомига риоя қилишни қатъий ёқлайди. Биз ташқи сиёсатимизда миллий манфаатлардан келиб чиқиб, барча мунозарали масалаларни оқилона муроса асосида ҳал этиш тарафдоримиз, — деди президент. 

Унинг сўзларига кўра, жорий йил Қозоғистон учун халқаро воқеаларга бой бўлди. 

– Кейинги ҳафта Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Муболағасиз, у сўнгги бир неча йил ичида энг муҳим юқори даражадаги халқаро форумлардан бирига айланади. Саммитда дунё аҳолисининг қарийб ярмини жамлаган давлат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, БМТ Бош котиби иштирок этиши кутилмоқда. Мамлакатимиз жорий йилда ШҲТдан ташқари яна бешта халқаро тузилмага раислик қилмоқда. Бу Қозоғистон дипломатияси тарихида мисли кўрилмаган ютуқдир, - дея қўшимча қилди Тоқаев. 

ЎзА