Тоқаев Қозоғистон президентлигига номзодлар телебаҳсида иштирок этмайди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон президентлигига номзодларнинг телебаҳсларида иштирок этмайди, унинг ўрнига жамоатчилик штаби раҳбари, республика парламенти мажилиси раиси (қуйи палата) Ерлан Кошанов қатнашади. Марказий сайлов комиссиясининг 8 ноябрда трансляция қилинган мажлисида шу ҳақда маълум қилинди.
Аввалроқ Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси 11 ноябрни республика президентлигига номзодлар ўртасида телебаҳс ўтказиладиган кун сифатида белгилаган эди.
Сешанбада бўлиб ўтган мажлисда Марказий сайлов комиссия аъзолари томонидан қабул қилинган қарорда сайловолди телебаҳс иштирокчилари рўйхатида Тоқаев ўрнига Кошанов қайд этилган.
Қозоғистонда муддатидан олдин президент сайлови 20 ноябрда бўлиб ўтади. Президентликка номзод сифатида олти киши, жумладан, амалдаги давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам рўйхатдан ўтган.