Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Топшириқлар ижросига киришилди
20:20 / 2024-03-27

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Уйчи туманидаги мавжуд 56 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, ҳар бир томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича ишни ташкил этиш вазифаси топширилган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Уйчи туманидаги “Агробанк” филиалида тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқотда бўлди. Учрашувда туманда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлар ва ҳунармандларнинг давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббусларни амалга ошириш борасидаги таклиф ва мулоҳазалари тингланди. 

Бизнес эгаларининг олдида турган айрим муаммоларга ҳам қулоқ тутилди. Банк ва мутасадди раҳбарлар иштирокидаги мулоқот давомида 31 та мурожаат келиб тушди. Кредит олиш, тикувчилик корхонаси фаолиятини кенгайтириш каби бир қатор масалалар шу жойнинг ўзида тегишли мутасаддиларга йўналтирилиб, белгиланган муддатдан кечиктирмасдан ҳал қилиш топширилди. 

– Калава ип ва йигирма турдаги тайёр кийим маҳсулотларини ишлаб чиқариб келаётган корхонамиз 2007 йилдан буён фаолият кўрсатиб, халқимиз фаровонлиги ва аҳоли бандлигига ҳисса қўшмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Уйчи туманини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги топшириғига асосан янги иш ўринларини очиш режалаштирган, – дейди Уйчи туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Mega tekstil” қўшма корхонаси раҳбари Ҳасанбой Мамадалиев. – Бунинг учун жамиятимизни пахта-тўқимачилик кластерига айлантириш масаласида вилоят раҳбарига мурожаат қилдик. Масаламиз ижобий ҳал этилиши айтилди, бундан миннатдормиз. 

Учрашув якунида вилоят ҳокими банк мутасаддиларига ҳудудларда “Мижозбай” иш ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар бериб, корхоналар негизида қўшимча иш ўринлари очишни қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири