“Тўпаланг ГЭС” УКнинг қуввати 175 мегаваттга етказилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига асосан мамлакатимизда “яшил” энергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланган.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Матбуот хизматининг хабар беришича, янги қурилаётган ва модернизация қилинаётган гидроэлектр станцияларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сурхондарё вилоятидаги ишлаб чиқариш қуввати юқори бўлган “Тўпаланг ГЭС” УК да модернизация ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. ГЭС фаолияти учун ҳар бирининг қуввати 72,5 МВт бўлган 2 та гидроагрегат ўрнатилади. Модернизациядан сўнг ГЭСнинг умумий қуввати 175 МВтга етказилади. Мазкур модернизация ишлари Россиянинг “Силовые машины” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, дейилади Матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил ушбу йирик гидроиншоот фойдаланишга топширилади.
ЎзА.