Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, «Тонг юлдузи» газетаси ҳамкорлигида «Тонг юлдузи» ёритган олам» номли китоб тақдимоти ҳамда сураткаш Равил Албековнинг ижодига бағишланган суратлар кўргазмаси ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий йилнинг август ойида «Тонг юлдузи» газетасининг 95 йиллиги нишонланади. “Тонг юлдузи” ёритган олам” китоби тақдимоти ҳам, узоқ йиллар газетада фаолият юритган сураткаш Равил Албековнинг ижодига мансуб 40 дан ортиқ расмлар кўргазмаси ҳам ушбу сана доирасида ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари Ғайрат Бозоров, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА бош директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёшлар мураббийси, устоз ижодкор Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов, “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Одилова ва бошқалар мамлакатимизда китобхонлик, адабиёт, медиа соҳани равнақ топтириш масаласи Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан маърифий янгиланиш жараёнларида устувор ўрин эгаллаётганини таъкидлади.
[gallery-17490]
Юртимиз болалари ва ўсмирларининг “Тонг юлдузи” газетаси 1929 йил август ойидан буён чоп этилмоқда.
– Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида болалар адабиётига алоҳида эътибор қаратилиб, машҳур алломаларимизнинг илмий-маърифий мероси ҳамда уларнинг ибратли ҳаётига бағишланган махсус асарлар яратиш, болалар учун яратилган энг яхши асарлар бўйича Президент мукофотини таъсис этиш каби масалалар кун тартибига қўйилди, – деди АОКА директорининг ўринбосари Ғайрат Бозоров. – Болалар адабиёти анталогиясини нашрга тайёрлашда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Болалар учун келгусида етук асарларнинг яратилишида, хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан соҳа вакиллари, ижодкорлар зиммасига қўйилаётган муҳим масалалар ижросининг таъминланишида “Тонг юлдузи” газетаси, шунингдек, “Ғунча”, “Гулхан” журналларининг ёш ижодкорларни кашф этиш ва тарбиялаш йўналишидаги фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
Айтиш керакки, «Тонг юлдузи» ёритган олам» номли китобдан ўқувчилар мамлакатимиз болалари ва ўсмирларининг севимли нашри «Тонг юлдузи» газетасида салкам бир аср давомида чоп этилган насрий ва назмий ҳамда публицистикамизнинг бебаҳо дуру жавоҳирларидан, ушбу газета ижодий мактабидан етишиб чиққан таниқли ёзувчи ва шоирларнинг ўқувчилик даврларидаги унутилмас ёдномалари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
«Тонг юлдузи» газетасида «Бир куни дарсда...», «Болалик кунларимда...», «Ота-онангиз билан ўқинг», «Китоб жавонингизга», «Хотира уйғонса гўзалдир», «Мулоҳаза учун мавзу» каби рукнлар мавжуд бўлиб, улардан, айниқса, «Бир куни дарсда...» рукни ўқитувчилар ва ўқувчилар орасида оммалашган.
Юртимизнинг кўзга кўринган ижодкорлари, актёрлар ва рассомлар, бир сўз билан айтганда, таниқли инсонларнинг болалик хотираларига оид «Болалик кунларимда...» рукни ҳам ўқувчилар томонидан яхши кутиб олинмоқда.
«Тонг юлдузи» газетаси 2023 йилда «Олтин қалам» ХVII Миллий мукофоти учун халқаро танловининг «Энг яхши журналистик материал учун» номинациясида, шунингдек, бир қатор республика миқёсидаги инсон ҳуқуқлари, ижодий медиа танловларда совринли ўринларга сазовор бўлган.
Тадбир сўнгида газетада узоқ йиллар меҳнат қилган бош муҳаррирлар, фаол муаллифлар, шу жумладан, ўқувчи-ёшлар ва ҳамкорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар), ЎзА