Ўзбекистон давлат драма театрида ёш драматург Гўзалой Матёқубова асари асосида саҳналаштирилган “Ҳукм”(“Адолат”) номли спектаклнинг премьераси бўлиб ўтди.
Дунёда барча касбларнинг ўз залвори, масъулияти бор. Лекин ҳақиқат учун курашаётган судья аёлнинг ўз касбига садоқати, қонун устуворлиги йўлида қандай мураккаб ва синовли йўлларни босиб ўтаётганини доим ҳам билавермаймиз.
Ушбу саҳна асарида кечадиган воқеалар мустақил ҳокимият, деб эътироф этиладиган суд тизими, судьялар фаолияти ва судлов жараёнларини қамраб олади.
Воқеа тадбиркорлик соҳаси эгалари тинчгина фаолият юритиб келаётган “Гулшан” меҳмонхонасига ўзини дунёнинг устуни деб билгувчи, ҳаёт мазмунини фақат моддий бойликлардан иборат деб ўйловчи кимсаларнинг кўз олайтиришидан бошланади. Судга судланувчиларнинг айблов жилдлари йиғилган “дело”лар келади.
Ишни кўриб чиқиши керак бўлган судья аёл судланувчилар ноҳақ айбланаётганини билиб, ҳар бир судланувчининг айблов тарихини пухта ўрганади. Афсуски, барча соҳаларда бўлгани каби бу соҳада ҳам ўзига мос ва хос бўлган хатоликлар юз бериши сабабли айби бўлмаган инсонлар жиноятчи, деб эътироф этилиши керак эди. Бироқ судья бунга йўл қўймайди. Айбланувчиларнинг қамалиб кетишидан маанфаатдор бўлган тўдаларга аёл судьянинг бир ўзи қарши туради.
Саҳна асари жамиятимизда юз бериши мумкин бўлган жиддий иллатларни рўйи-рост кўрсатади. Дунёнинг устуни адолат экани, ҳақиқатсиз жамият тубанликка юз тутиши ҳақида огоҳлантиради. Инсонларда ўз ҳаётини хавфга қўйиб бўлса ҳам адолатни тиклашга, эзгуликка хизмат қилишга рағбат уйғотади.
Янги спектакль томошабин, айниқса, ёшлар қалбида “адолат” деган эзгу тушунчанинг оловини ёқишга, тазйиқлардан қўрқмай олдинга интилишга, юксак марраларни дадил забт этишга чорлайди. Ҳақиқат йўлида оиласи, фарзандлари, ўз ҳаётини таҳдидга қўйган судья аёл – барибир қонун устуворлиги йўлида минг азоб ва машаққатлар билан ғолиб бўлади.
Томошабинлар гоҳ кўз ёши, гоҳ ҳаяжон ва энг асосийси, қарсаклар билан кутиб олган ушбу янги саҳна асари реал воқеликка, ўз ишига виждонан, ҳалол ва фидокорона ёндашган судья аёлнинг бошидан кечирганларига асосланиши билан диққатга сазовордир.
Ортиқча ва кераксиз саҳна кўринишлари, зерикарли монологлардан ҳоли экани, қонун устуворлигининг ҳимоясидек бугунги кундаги энг долзарб мавзу саҳнага олиб чиқилгани, барча жараёнлар аниқ, лўнда, равон ва ихчам тафсилотлар асосига қурилгани янги спектаклнинг энг асосий ютуқли жиҳатларидир.
Устоз режиссёр, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Олимжон Салимовнинг саҳналаштириш бўйича бадиий раҳбар бўлгани мазкур спектаклнинг бадиий пишиқ-пухталигини таъминлаган десак, янглишмаган бўламиз.
Яхши журналист, шоира ва ёзувчи сифатида ижод қилаётган Гўзалой Матёқубова ўзини моҳир драматург сифатида ҳам намоён этгани унинг ўз устида тинимсиз ишлаётгани, изланаётгани, янги йўналишларда салоҳиятини, истеъдоди ва маҳоратини тўлақонли намоён этаётганидан дарак беради.
Спектаклни саҳналаштирувчи режиссёр – Баҳодир Мирмақсудов, саҳналаштирувчи рассом – Лазиз Ёдгоров, либослар бўйича рассом – Райҳон Йўлдошева. Саҳна асари учун мусиқаларни Юнусжон Асқаров танлаган. Режиссёр ёрдамчиси – Меҳрибоним Юсупова.
Спектаклда ролларни Т.Мирмақсудова, Ф.Мелибоева, Г.Ҳакимова, З.Сатторов, А.Ҳазратқулов, К.Зиёдуллаев, П.Норматов, Ш.Сўфиев, И.Бердиев, С.Хуррамов, Н.Асомова, А.Омонтўраев, А.Нодирбоев, С.Озодов ва бошқа актёрлар ижро этган.
Янги саҳна асари томошабинлар томонидан ҳаяжон билан кутиб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА