“Томоша” болалар мусиқий театр-студияси Боку шаҳрида ўтказилган “Viva Azerbayjan” II Халқаро танлов-фестивалида қатнашиб, Гран-при соҳиби бўлди.
Грузия, Монголия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари иштирок этган мазкур танловда “Томоша” театр-студияси ўзбек миллий урф-одатлари билан бир қаторда турли миллатлар маданиятини ўзида мужассам этган театрлаштирилган фольклор дастури билан қатнашди.
Энг юксак эътирофга лойиқ деб топилган “Томоша” гуруҳининг ижроси бутун дунёдан йиғилган томошабинлар олқишига сазовор бўлиб, мутахассислар томонидан танловнинг энг асл ва ёрқин дастури, деб баҳоланди.
Айтиш керакки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, меҳрибон ва масъулиятли устоз Нодира Қурбонова раҳбарлигидаги “Томоша” болалар мусиқий театр-студиясининг ёш ижодкорлари 2024 йил апрель ойида Дубай шаҳрида ўтказилган “Dubai Grand Festival” халқаро болалар театрлари танловида қатнашиб, Гран-при соҳиби бўлган эди.
Н.Усмонова, ЎзА