Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги «Юқори қишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида “Exsport Import Quality” мева-сабзавотчилик кластери томонидан лимончилик иссиқхонаси барпо этилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ташиш ва сақлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тадбиркорнинг ўз сармояси ҳамда хорижий кредит линияси ҳисобидан 46 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган ушбу лойиҳа 2022 йилнинг март ойида тўлиқ якунланиши натижасида 300 та янги иш ўрни яратилади.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур мева-сабзавотчилик кластеридаги иш жараёни билан танишди. Тадбиркор Азимжон Мирзалиев тош-шағал ҳудудда ташкил этилган иссиқхонада лимон кўчатлари экилганини, ораларида қулупнай, помидор, қалампир, кўкат каби турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётгани ҳақида маълумот берди.
Лойиҳа ташаббускори мева-сабзавотларни қуритиш ва қадоқлашни йўлга қўйиш учун қўшимча 3 миллион долларлик кредит олишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Масала ижобий ечим топди: тадбиркорга «Туронбанк» АТБдан кредит маблағлари ажратиб бериладиган бўлди. Вилоят ҳокими тадбиркор билан мулоқотда ҳудуддаги эҳтиёжманд оилалар учун ажратилган ер майдонларида ҳам кўчатчиликни ривожлантириб, аҳоли даромадларини оширишда кўмак бериш кераклигини таъкидлади.
4 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган «Янгийўл» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томорқачиликдан фойдаланишда ўзига хос тажрибага эга. 668 та хонадоннинг қарийб 200 тасида иссиқхоналар бор. Маҳаллада яшовчи Зикрулло Раҳмонов вилоят раҳбари билан мулоқотда 8 сотих майдонда иссиқхонага лимон экиб, бундан ташқари писта кўчатини етиштириш билан шуғулланиб, йил давомида 200 миллион сўм даромад олаётганини айтиб ўтди.
Хонадонма хонадон юриб, аҳоли билан бирма-бир суҳбатлашган вилоят ҳокими фуқароларнинг турли масалалар билан боғлиқ мурожаатларини ҳам тинглади. Тадбиркорлик учун кредит бериш, кўчаларни асфальт қилиш, бандлик ва субсидия асосида уй-жой олиш каби мурожаатлар тегишли тартибда ҳал этиладиган бўлди.
М.Сулаймонов, ЎзА