“Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи ёш тадбиркор Жамшид Аҳмедов ҳам бор.
29 ёшли оилавий тадбиркор Жамшид Аҳмедов Пахтакор туманидаги Боғишамол маҳалласида истиқомат қилади. У тадбиркорлик фаолиятини 2017 йилда оила аъзолари билан хонадонидаги 5 сотих ер майдонида иссиқхона қуриб, кўкатчиликдан бошлаган. Қисқа фурсатда эришилган самара ва даромад уни фаолиятини кенгайтиришга ундади.
2024 йилда давлат томонидан ажратилган 100 миллион сўм имтиёзли банк кредити ҳисобига Пахтакор тумани ҳудудида 22 сотих ер майдонида замонавий иссиқхона барпо этилди. Натижада маҳаллада 4 нафар доимий ва 25 нафар мавсумий иш ўрни яратилди.

Етиштирилган маҳсулотлар нафақат ички бозор, балки Россия Федерацияси ҳамда қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.
– Жорий қишлоқ хўжалиги йилида иссиқхонамизда учинчи ҳосилни парваришлаяпмиз. Кўкат экиш, аввало, ернинг ҳосилдорлигини оширади, шу билан бирга унинг бўш қолишининг олдини олади. Учинчи ҳосил сифатида витаминларга бой турли кўкатлар етиштириб, асосан экспортга, бир қисмини эса ички бозорга чиқаряпмиз, – деди Жамшид Аҳмедов.
Тадбиркор давлат қўллаб-қувватлови асосида масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, нафақат маҳсулот етиштириш, балки томорқачиликка қизиққан аҳолига амалий ёрдам кўрсатишни ҳам йўлга қўйган. Хусусан, ташкил этилган ўқув марказида томорқачилик маданияти, иссиқхоналардан самарали фойдаланиш усуллари ўргатилмоқда. Бу ерда таҳсил олган фуқаролар ўз томорқаларида кичик иссиқхоналар барпо этиб, оилавий даромадларини оширишга эришмоқда.
Айнан Жамшид Аҳмедов МЧЖ қошида ташкил этилган ўқув марказида таҳсил олган деҳқонларнинг – Боғишамол маҳалласида 35 нафари, туман бўйича эса 100 нафардан ортиқ томорқачилар ўз иссиқхоналарини ташкил этишди. Бундан кўзланган асосий мақсад – аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш, бозорда маҳсулот нархларининг барқарорлигини сақлаш, аҳолини сифатли ва экологик тоза озиқ-овқат билан таъминлаш, шунингдек, экспорт орқали мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшишдир.

– Келгусида иссиқхоналар сонини янада ошириш, аҳолини йил давомида иш билан таъминлашни режалаштирганмиз, – дейди Жамшид.
Жамшид Аҳмедовнинг меҳнати ва ташаббуслари давлат томонидан муносиб баҳоланди. У жорий “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” арафасида “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Шунингдек, унга Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан “Намунали томорқачи” кўкрак нишони ҳам топширилди.
– Бу мукофотни фақат шахсий ютуғим деб эмас, жамоамиз ва барча жиззахлик ёшларнинг меҳнатига берилган баҳо, деб қабул қиламан. У бизга янада катта масъулият ва илҳом бағишлади, – деди у.
Келгусида тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириб, йирик иссиқхона мажмуалари барпо этиш, Европа давлатлари билан икки томонлама шартномалар асосида экспортбоп маҳсулотлар етказиб беришни мақсад қилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/z88Gv7s4uks" title="Tomorqadan mukofotgacha bo‘lgan yo‘l" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео+сурат), ЎзА мухбирлари