Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқада банан парваришланмоқда
16:42 / 2026-02-05

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва иссиқхона хўжалигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сабзавотлар билан бир қаторда ноёб ва экзотик меваларни маҳаллий шароитда етиштиришга бўлган қизиқиш тобора ортмоқда.

Бухоро вилояти Олот тумани “Асажам” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Суннат Тўхтаев томорқасидаги иссиқхонада банан етиштириш бўйича амалий тажриба ўтказиб, қисқа вақт ичида ижобий натижага эришмоқда. Унинг таъкидлашича, банан ўсимлиги кўпчилик ўйлаганидек, фақат жуда иссиқ иқлимдагина ўсадиган ўсимлик эмас. Аслида эса уни етиштириш учун 8–10 даража иссиқлик ҳам етарли бўлиб, энг муҳими тўғри парвариш, намликни меъёрда сақлаш ва мунтазам озиқлантириш лозим.

Айни вақтда иссиқхонада 1 сотих майдонга экилган банан ниҳоллари парвариш қилинмоқда. Унинг маълум қилишича, мазкур ниҳоллар март ойида ҳосилга киради. Режага кўра, ҳар бир банан ўсимлигидан ўртача 250–300 донагача мева олиш кўзда тутилган. Бу эса ҳатто кичик майдонда ҳам юқори ҳосил олиш мумкинлигини амалда исботламоқда.

Иссиқхонада фақат банан эмас, балки турли сабзавот ва кўкатлар ҳам етиштирилмоқда. Жумладан, бу ерда 100 дан ортиқ “Аламино” навли помидор кўчатлари экилиб, улардан эрта баҳорда мўл ва сифатли ҳосил олиш режалаштирилган. Шунингдек, аҳолининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш мақсадида турли кўкатлар ҳам парваришланмоқда.

 Суннат Тўхтаевнинг тажрибаси келгусида бошқа томорқачилар учун ҳам ўрнак бўлиб, янги ғоя ва ташаббусларга туртки бўлиши шубҳасиз.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.