Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқачиликдаги Фарғона тажрибаси барча маҳаллаларда оммалаштирилади
21:46 / 2025-02-19

Фарғона вилоятининг кўплаб маҳаллаларида томорқадан самарали фойдаланиб, тўрт мавсумда яхши даромад олаётган оилалар кўп. Эътиборли жиҳати, лимончилик, кўчатчилик, гулчилик каби драйверга эга маҳаллалар сони йилдан-йилга ошмоқда.

Қува туманида “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида бўлиб ўтган республика кўргазмали семинарида ана шундай илғор тажрибаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Унда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқармалари бошлиқлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг тегишли ўринбосарлари, Маҳаллалар уюшмалари раҳбарлари, шаҳар-туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиқлари, тижорат банклари раҳбарлари, оғир тоифадаги шаҳар ва туманлардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида барпо этилаётган “яшил белбоғ” лойиҳаси доирасида дарахт экиш тадбири ўтказилди. Бу ерда 270 гектар майдонда 108 мингта 15 турдаги кўчатлар экилиши режалаштирилган. Иштирокчилар дарахт экиб, эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшди.  

Дуолар қилиниб, юртга тинчлик-осойишталик, бошланган ишларга хайру баракот тилади.

[gallery-21833]

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Қува туманидаги “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғинида янги тизим асосида хонадонларда гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, ҳудудни намунали маҳаллага айлантириш, иссиқхоналарда манзарали-декоратив ниҳоллар парваришлаш, бу ерда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Маҳалла хонадонларида турфа хил гул кўчатлари, манзарали ўсимликлар парваришланяпти. Улар пешма-пеш ички бозорга, шунингдек, хорижга экспорт қилинмоқда.

– Ўн сотих томорқамиз бор. Ундан унумли фойдаланиш учун бор имкониятни ишга солганмиз. Иссиқхонада гул етиштириш билан шуғулланамиз. Астойдил меҳнат қилинса, даромад ҳам юқори бўлади, – дейди “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Амирхон Тешахўжаев. – Мисол учун, 2 сотих майдонда лола етиштиряпмиз. 10 минг тупдан зиёд лола пиёзини ерга қадаганмиз. Янаги ҳафта сотувга тайёр бўлади. Ўртача 10 минг сўмдан сотилса, лоланинг ўзидан 100 миллион сўм даромад қилиш мумкин.

Тадбир қатнашчилари ҳар бир хонадонга кириб, томорқачилар билан самимий суҳбат қуришди, йўлга қўйилган ишлар юзасидан саволларга батафсил жавоб олди.

Меҳмонлар тумандаги Бойистон маҳалласида олиб борилган ишлар билан ҳам танишди. Маҳалла оғир тоифадаги ҳудуд ҳисобланади. Янги тизим асосида бу ерда қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада фуқароларда ташаббускорлик, тадбиркорлик хислатлари юз кўрсата бошлади. Мутасадди ташкилотлар кўмаги билан ҳар бир хонадонда ўзига хос деҳқончилик йўналиши йўлга қўйилди.  

Азалдан боғдорчилик, кўчатчилик билан донг таратган маҳалла аҳли бозоргир навларни етиштиришга уста. Мисол учун, бойистонлик Йигитали Қаюмов 10 сотих томорқасида 3 минг туп “Можжевелник” арча кўчатларини парваришлай бошлаган. Бугунга келиб, бири биридан ғаройиб, турли шаклдаги манзарали кўчатлар сотишга тайёр бўлди. Харидорлар арча ниҳолларининг ҳар бир тупини 350 минг сўмдан сотиб олиш таклифини берди. Оддий ҳисоб-китоблар ёрдамида бу миллиард сўмга тенг даромад эканини билиш қийин эмас. Албатта, бир неча йил вақт ва юракдан чиқариб қилинган меҳнат эвазига!

Бошқа хонадонларда ҳам томорқалар бўш қолмаган. Қай бирида картошка, бошқасида плёнка остига карам экилган, яна бирида эса иссиқхонада лимон парвариш қилинмоқда. Гилос боғлари остида петрушка, гул кўчатлари, манзарали дарахт ниҳоллари етиштириляпти. Шу маҳалланинг ўзида биогумус тайёрланиб, томорқаларга солиняпти.

Навбатдаги манзил “Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. “Андижон-Марғилон” йўли ёқасида жойлашган маҳалла чорраҳасида “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига агрохизматлар кўрсатиш маркази” ташкил этилган. Бу марказнинг асосий вазифаси томорқачилар ва ер эгаларига турли хилдаги хизматлар кўрсатишдан иборат – ер ҳайдаш, чопиқ қилиш техникалари, мотокультиваторлардан тортиб, сара уруғлар, қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналари, турли навдаги кўчатларгача муҳайё. Мухтасар айтганда, деҳқонга дастёр бу марказ ўзига хос тизимни ҳосил қилган.

Шу ерда семинар қатнашчилари иштирокида вилоят туманларидаги бир қатор деҳқончилик ва боғдорчилик фермер хўжаликлари учун замонавий тракторларнинг калитлари топширилди. Юмушини осон, узоғини яқин қилувчи техникаларни лизинг асосида харид қилган боғбонларнинг қувончи чексиз.

– Ўн олти гектар майдонда мевали боғ ташкил қилганмиз. Йил давомида техникага эҳтиёж сезамиз. Вилоят раҳбарлари, масъуллар кўмаги билан ўз тракторимга эга бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди олтиариқлик боғбон Диёрбек  Адҳамов. – Бошланғич тўловини тўлаб, лизинг асосида сотиб олдик, икки йиллик имтиёзли даври билан етти йил муддатга. Бу трактор ёрдамида ер майдонларига яхшироқ ишлов берамиз, ҳосилдорлик ҳам юқори бўлади.  

Маҳаллада ташкил қилинган атиргулчилик кооперацияси фаолияти ҳам семинар иштирокчиларида яхши таассурот қолдирди. Ҳар бир хонадон эгалари билан мулоқот, сарф-харажат ва олинган даромад хусусидаги суҳбатлар, ҳудудда ишсизликнинг барҳам топиши каби жиҳатлар барчани бирдек қизиқтирди, дейиш мумкин.

Қувасой шаҳридаги “Арсиф” маҳалла фуқаролар йиғинида Республика кўргазмали амалий семинари якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров очиб берди ва олиб борди.

Сўз олганлар тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида Фарғона вилоятида амалга оширилаётган илғор тажрибалар билан семинар иштирокчиларини таништириш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини оширишдан иборат эканлигини таъкидлади.

Шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва “маҳалла еттилик”лари томонидан аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан мутасаддиларнинг маърузалари эшитилди.

Вилоятда 99 та оғир аҳволдаги маҳаллалар борлиги қайд этилиб, ҳудудларда томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали аҳоли даромадини ошириш, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, шунингдек, хонадонларни кооперация усулида бириктириш ва етиштирилган маҳсулотни марказлашган ҳолда реализация қилинишини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳар бир маҳалланинг экспорт салоҳиятини юксалтириш зарурлиги, бунинг аниқ механизмлари айтиб ўтилди. Бунинг учун юртимизда барча шарт-шароитлар мавжудлиги, давлатимиз раҳбарининг ушбу йўналишга эътибори, қонунчиликдаги ўзгаришлар, имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.

Туманлар ҳокимлари семинардан келиб чиқиб ўз олдиларига белгилаб олган вазифалари, хулосалари тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидлаш керак, мазкур семинар аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, томорқачилик маданиятини юксалтириш, фуқароларда тадбиркорлик ва ташаббускорлик, янгиликка интилиш хислатларини камол топтиришга хизмат қилади, масъуллар, маҳалла билан бевосита ишловчи мутасаддилар фаолиятида ижобий натижалар беради.  

М.Сулаймонов, М.Қодиров олган суратлар