Фарғоналик миришкор деҳқонлар, томорқачилар довруғи оламга ёйилган. Айни кунларда улар етиштирган сархил резавор мевалар қиш-қировли, совуқ ўлкаларга етиб бориб улгурди. Ҳайрат ва ҳавас ила кўзларни қувнатишни бошлади.
Олтиариқ азалдан тадбирли деҳқонлари билан танилган. "Янгиараб" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бахтиёр Турсунов тадбиркорлик билан деҳқончиликни уйғунлаштира олганлардан. Замонавий технологияларни амалиётга жалб қилган ҳолда, томорқасидан мўл даромад олишнинг ҳадисини ўзлаштирган.
– Томорқа – хазина, деб бежиз айтмайдилар. Меҳр бериб ҳаракат қилинса, меҳнатнинг роҳати нақд, – дейди Бахтиёржон. – Отам бошчилигида 6 сотихлик иссиқхона бунёд этганмиз. Ярмида қулупнай, қолганида бодринг парваришлаяпмиз. Наврўз куни қулупнайнинг илк ҳосилини бозорга олиб чиқдик. Килоси 80 мингдан 120 минг сўмгача сотиляпти.
Иссиқхонада “Чарли” навли қулупнай етиштириляпти. Томчилатиб суғориш воситасида парваришланяпти. Томорқа эгасининг айтишича, май ойининг охиригача қулупнай мавсуми давом этади. Августда эса янги новда-шохларни саралаб, кейинги йил учун экилади. Эътиборли жиҳати, умуман кимёвий воситалардан фойдаланишмайди.
– Иссиқхонадаги қулупнайни чанглатиш учун асаларилар зарур, кимёвий воситалар эса бунга тўсқинлик қилади. Шунинг учун фақат витаминлар билан озиқлантирилади. Қолаверса, хорижга экспорт қилишда маҳсулотнинг биологик тоза эканлигига эътибор қаратилади, – дейди миришкор деҳқон. – Деҳқончиликка оид қўлланмалар, интернетдаги маълумотлар билан мунтазам танишиб борамиз. Маъқулидан фойдаланамиз, йил давомида синовдан ўтказамиз.
Бу борада уни “қишлоқдаги олим” дейиш мумкин. Ҳар бир детал, парвариш усули ҳақида илмий хулосалари, ўз фикри бор Бахтиёржоннинг. Бу эса йиллар давомида олиб борилган тажрибалар, кузатувлар натижаси деб бемалол айтиш мумкин.
Мисол учун, бодринг шиғил ҳосилга кирган иссиқхонани олайлик. Ниҳоллар оралиғи, экиш технологияси, палаклар парвариши борасида янгиликка интилгани шундоқ кўриниб турибди. Қиш охирида ниҳол қадаш учун ерни чопиб-ҳайдаб, унинг тобга келишини кутиб ўтирмайди. Маълум ҳисоб-китоблар асосида қатор терилган ғишт-блоклар оралиғига биогумус солинган. Шу ўғитга бодринг кўчатлари қадалган. Бунда чопиқ қилишга ҳожат қолмайди, ер унумдорлиги, мелиоратив ҳолатига зарар тегмайди. Шунингдек, томчилатиб суғориш орқали суюқ ўғитлардан фойдаланиш катта самара беряпти.
Бахтиёржон билан суҳбатлашиб, деҳқончилик ҳам улкан илм эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Ерни қадрлаб, ҳар бир ниҳолни ўз фарзандидек авайлаб, оромидан кечиб парвариш қилаётган деҳқонлар меҳнатига тасаннолар айтгинг келади. Халқимиз дастурхони тўкинлигига салмоқли ҳисса қўшаётган, етиштирган чилги ҳосили билан юртдошларимиз қалбини қувончга, танасини куч-мадорга тўлдираётган миришкорлар ҳимматидан янада гўзаллашиб кетгандай бўлади жаннатмакон юртимиз.
М.Сулаймонов, ЎзА