Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқачилик кластери оилаларга кўмакдош
12:35 / 2022-11-16

Томорқачилик оилалар фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади. Кафтдек ердан оқилона фойдаланиб, салмоқли даромад олаётганлар анчагина.

Фарғона вилоятидаги кўплаб маҳаллаларда бу борада катта тажриба тўпланган. Айниқса, томорқачилик кластерларининг ташкил этилиши яхши самара бермоқда. Бунинг натижасида, аввало, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, ҳар бир қарич ернинг қадрига етиш кўникмалари шакллантириляпти, шу билан бирга, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг доимий даромад манбаи яратилмоқда.

Риштон туманининг “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган томорқачилик кластерининг ташкил этилганига эндигина икки йил бўлди. Бу ерда қисқа даврда яхши натижаларга эришилди. Бугунги кунда мазкур кластер томонидан 2 та 7 сотихли иссиқхона ташкил қилинган бўлиб, лимон, апельсин, грейпфрут ва мандарин ўсимликлари парваришланмоқда. Жорий йилда кўчатлар 4 ёшга тўлди. Лимон кўчатларининг ҳар бир тупидан 50-60 килограмм, умумий миқдорда 8-9 тонна сара ҳосил йиғиштириб олиш кўзланган. Деҳқонлар мандарин ва апельсин кўчатлари ҳам бу йил 40-45 килограммдан ҳосил беришини айтмоқда. Кейинги йилларда бу кўрсаткич ошиб боради, албатта.

– Ерни боқсанг, ер элни боқади, деган нақл замирида катта маъно бор. Халқимиз ердан фойдаланиш, мўмай даромад олиш ҳадисини олган. Фақат уларнинг бошини бириктириб, маълум йўналишга солиш зарур, – дейди иш бошқарувчи Воҳиджон Раҳимов. – Цитрус меваларни ўзимизда ҳам етиштириш, ҳатто экспорт қилиш мумкинлигига илгари кўпчилик ишонмасди. Мана, кўриб турганингиздек, қилинган меҳнат ўз самарасини бермоқда. Деярли ҳар куни атроф қишлоқлардан одамлар келиб, кўриб, ўрганиб кетишади. Қўлимиздан келганича амалий ёрдам берамиз.

Иссиқхонада баравж ривожланаётган бир қанча узум токлари эътиборни тортади. “Эрта баҳорда уларнинг янги унган баргларини териб, коваток учун сотиш мумкин”, дейди Воҳиджон ака ҳайронлигимизни сезгандек.

Аҳамиятлиси, мазкур томорқачилик кластерида цитрус меваларни кўпайтириш ва аҳолини билим-кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув маркази ҳам ташкил қилинган. Ҳозирги кунда томорқа кластерида 2 та минитрактор, 10 та мотокультиватор, 2 та юк ташувчи транспорт мавжуд. Улар ёрдамида агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилади.  

– 500 тонна сиғимга эга совиткич ҳам ташкил қилганмиз. Ўз хўжалигимизда етиштирган сабзавот экинларини сақлашни режалаштирганмиз. 20 гектар майдонга сабзи экканмиз. Жойга қараб аҳоли томонидан етиштирилган сабзи, олма каби маҳсулотларни сақлаб беришни ҳам кўзлаяпмиз, – дейди кластер раҳбари Исомиддин Ўринбоев. – Омборларимизда минг тонна буғдой турибди. Шу кунларда туркиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда ун ишлаб чиқариш цехини ишга тушириш ҳаракатидамиз. Аҳолини сифатли ва нисбатан арзон ун билан таъминлаш, кейинги йиллардан экспорт қилишни мақсад қилганмиз.

Бу ерда ҳозирча 12 нафар ёшлар доимий иш билан банд. Совиткич ва ун цехлари ишга тушиши билан яна ўнлаб қишлоқ ёшлари ишли, даромадли бўлади. Жорий йилда кластер томонидан паррандачиликни ривожлантириш мақсадида аҳоли хонадонларига жами 20 минг дона жўжалар етказиб берилган. Айни кунларда уларнинг ярми тухум бера бошлади. Бу йўналишда ҳам ўзига яраша режалар тузилган. Туманда фаолияти кўзга кўрина бошлаган мазкур томорқачилик кластери жамоаси бир олам эзгу мақсадлар йўлида тер тўкмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар аҳолининг қизиқишини ошириб, томорқачиликка нисбатан илмий ёндашишига замин яратмоқда.  

М.Сулаймонов,  

ЎзА