Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Биринчи галда “Маҳаллабай” ишлашни ташкил этиш, қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш ва даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, жойларда оилавий тадбиркорлиги ривожланган хонадонларнинг тажрибаси оммалаштириш, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятига қараб “ўсиш нуқталари” аниқланиб, уни оммалаштириш чоралари кўрилмоқда.

Паркент туманида ҳам бу каби оилалар жуда кўп. Масалан, Яшнобод маҳалласида яшовчи Жамшид Ҳусниддинов ҳам ўз ҳовлисида ташкил этган жойда қўзиқорин етиштириш билан шуғулланади.
– Икки йилдан бери бозорда харидоргир бўлган “Шампиньон” навли қўзиқорин етиштирамиз, – дейди тадбиркор Ж.Ҳусниддинов. – Бу соҳа йил сайин ҳудудимизда ҳам оммалашмоқда. Баҳор ойларида ҳаводаги намлик туфайли қўзиқорин яхши ривожланади. Хонадонимиз шароитида 150 квадрат метр жой ажратиб, 60 миллион сўм харажат қилдик ва шу ишни бошладик. Маҳсулотни ички бозорда 45-50 минг сўмдан сотамиз. Бир мавсумда 120 миллион сўмгача даромад олинмоқда. Оиламизда 6 нафар киши иш билан банд. Қўзиқоринда гўштдаги фойдали моддалар мавжудлиги сабаб барча ёшдаги инсонлар севиб истеъмол қилади.

Ж.Ҳусниддиновнинг келгусидаги режалари кўп. Қўшимча иш ўринларини яратиб, маҳсулотни қайта ишлашни ва хорижга экспорт қилишни мақсад қилган. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармасининг Паркент туманидаги фитосанитар давлат инспектори Нуриддин Насриддиновнинг таъкидлашича, ҳудудда бу каби тадбиркорлик билан шуғулланаётган оилалар билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилинади. Томорқа эгаларига маҳсулот сифати бўйича керакли фитосанитар сертификатлар беради.
Шу кунларда Бўка туманига йўлингиз тушса, аҳолини баҳорги юмушлар, экин экиш жараёни жадаллик билан олиб бораётганини кўрасиз. Хусусан, Мойтепа маҳалласида лаванда плантацияси ташкил этилган. Илгари асосан ловия, мош, маккажўхори етиштирадиган ҳудуд деҳқонлари учун бу лойиҳа янгилик бўлди.

Аслида лаванда ўзига хос ранг ва хушбўй ҳид тарқатувчи ўсимлик бўлиб, боғлар ва дераза токчаларини безатади. Унинг гуллари ҳатто таом пиширишда ишлатилади, парфюмерия соҳасида ҳам асосий хомашёдир. Хўш, бу доривор ўсимликни Тошкент вилояти шароитида етиштиришни илк бор йўлга қўйган, томорқачидан тадбиркорга айланган Улуғбек Деҳқонбоевнинг таъкидлашича, сўнги йилларда сув танқислигига учраётган, мелиоратив ҳолатини йўқотаётган майдонларда айнан шу ўсимликни етиштириш қулайдир.

– Айни пайтда тўрт сотихли иссиқхонамизда 200 минг туп лаванда кўчатлари парваришланмоқда, – дейди Улуғбек Деҳқонбоев. – Лаванда доривор ўсимлиги йилда икки марта ҳосил беради. Унинг биринчи ҳосили июнь, иккинчи ҳосили эса октябрь ойида териб олинади. Мазкур бизнес режа бўйича 405 миллион сўмлик лойиҳа асосида 10 гектар ер майдондан 2 марта ҳосил йиғиб олиш орқали 54,6 тонна лаванда гули йиғиб олинади. Ҳосилни реализация қилиш орқали 4 миллиард 620 миллион сўм даромад олиш мақсадимиз бор. Ҳозирги кунда 1 тонна лаванда гулининг қиймати ички бозорда 85 миллион сўмни ташкил этади. Мақсадимиз ёшларни бозор-талаб маҳсулотлар етиштиришга йўналтириш ҳамда тез фурсатда кичик бизнес муҳитига олиб кириш. Вилоятнинг кўплаб манзилларида туризм муҳити яратилган. Насиб қилса келгусида лаванда плантацияларида сайёҳлар ароматерапия дам олишларини ташкил этиш режамизда бор. Бу жиҳатларни Туркия давлатига бориб ўргандим.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, уларга доришуносликда талаб юқори. Тадбиркор танлаган ўсимлик навлари қишнинг қаҳратони, ёзнинг жазирамасига ҳам чидамли. Ҳозир кўчатлар уйқуда. Ҳадемай уйғониб барг ёзади. Бўка туманида хомашёни қайта ишлаш йўлга қўйилади. Апрель ойнинг охирида Туркия давлатидан ишлаб чиқариш тегирмонлари олиб келинади. Шу орқали шампунь, гель, совун каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.


А.Мусаев, ЎзА