Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқачилик ҳам доимий изланишни талаб этади
16:29 / 2024-10-10

Томорқа – даромад манбаи

Ернинг тилини билган деҳқон ундан қандай фойдаланишни яхши билади. Бугун барча соҳаларда бўлгани каби томорқачиликда ҳам ўзига хос рақобат муҳити шаклланди. Яъни экиладиган экин, унинг уруғи, ҳосилдорлиги, парваришлаш технологияси, етиштирилган маҳсулотнинг харидоргирлиги тажрибали деҳқонларни ҳамиша изланишга, олдинга интилишга ундамоқда. Натижада томорқачиликда ҳам турли янгиликларга қўл урилиб, янги-янги экиш усуллари оммалашиб боряпти. 

Қашқадарё вилояти Китоб тумани Паландара қишлоғида яшовчи Акрам Саидов ҳам томорқачиликда ўзига хос мактаб яратган боғбонлардан. У қарийб чорак асрдан буён ўз томорқасида мўъжаз боғ барпо этиб, шу ерда узум, ток кўчатлари ҳамда турли цитрус мевалар етиштириш билан шуғулланиб келади. Эътиборлиси, у бу ишни шунчаки меҳнат эмас, ўзи учун илмий фаолият, тадқиқотлар манбаига айлантирган. 

– Албатта, бошқа соҳаларда бўлгани каби, боғдорчилик ҳам кишидан илмни, доимий изланишни талаб этади, – дейди А.Саидов. – Бу соҳада ҳам замон билан тенгма-тенг одимламасангиз, фаолиятингизга зарур янгиликларни жорий этиб бормасангиз, катта натижаларга эришиш қийин. Шу мақсадда юртимиздаги кўплаб тажрибали боғбонлар билан ҳамкорлик ўрнатганман. Уларнинг ютуқларини доимий кузатиб, энг яхшиларини ўзлаштиришга, хорижий давлатлардан узум ва бошқа меваларнинг янги-янги навларини олиб келиб, ўзимизга мослаштиришга ҳаракат қиламан. 

Ҳозирги кунда Акрам Саидовнинг асосий даромад манбаи кўчатчилик ҳисобланади. У узумнинг АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Тожикистон каби давлатлардан келтирилган 10 дан ортиқ турларини кўпайтириб, аҳоли ва боғдорчилик хўжаликларига етказиб бермоқда. Мижозлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан. Улар кўчатни олдиндан буюртма қилиб, тайёр бўлганидан сўнг олиб кетади. Шу боис маҳсулотни реализация қилиш борасида умуман муаммо йўқ. Оила аъзолари билан биргаликда қанча кўчат тайёрлашга улгурса, харидор аввалдан тайёр. 

– Бундан ташқари, ҳовлимизда тўртта иссиқхона барпо этиб, у ерда турли камёб цитрус меваларни етиштиряпман, – дейди Акрам Саидов. – Бу аввало оиламиз учун, истеъмолдан ортганини эса бозорга чиқарамиз. Қолаверса, бу борадаги тажриба менга жуда муҳим. Цитрус меваларнинг кўчатларини кўпайтириш бўйича ҳам ишларни бошлаганман. 

Тажрибали боғбон мана шу меҳнатлари, ҳаракатлари ортидан яхши даромад топмоқда. Дастурхони тўкис, турмуши фаровон. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 августдаги тегишли фармойишига асосан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланиши эса унга янада куч, шижоат бағишлаганини айтади. Олдинда эса режалар, янги-янги ташаббуслар бисёр. 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири