French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқачилик даромаднинг зўр манбаи
19:19 / 2023-02-28

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги Атторон, Миришкор, Торнаут, Боғча ва Ўба қишлоқ маҳаллаларида бугунга келиб 4 минг 819 та хонадон истиқомат қилади. Улар тасарруфидаги томорқа ер майдонларида плёнка остида эртанги сабзавот маҳсулотлари экиш ишлари аллақачон бошланган. Айни кунда туман миқёсида 192 гектарда эртанги сабзавот экинлари етиштириш кўзда тутилган бўлса, шундан “Ромитан” ҳудудида қарийб 23 гектарда картошка, сабзи ва бошқа маҳсулотлар барака уруғлари қадалмоқда.

Ҳудуднинг “Боғча” махалласида яшовчи Азиз Ботиров ўтган йили “Е–auksion” савдоси орқали 10 сотихли ер майдонига эга бўлди. Ҳозирда бу ерда у оила аъзолари билан картошка экди. Бунинг учун оилага зарур 25 килограм картошка уруғлиги “Ромитан агро интер экспорт томорқа хизмати” МЧЖ томонидан етказиб берилди.  

Куни кеча томорқачи соҳибкорлар учун ҳудудда ўтказилган кўргазмали амалий-ўқув семинари ҳам айнан Азиз Ботиров ерида ташкил қилинди. Шунинг баробарида ҳудудда кам таъминланган оилалардан алоҳида тоифаланган хўжаликларда ҳам 10 сотихдан тайёрланган экин ерида картошка экиш жараёни ўрганилиб, уларга тажрибали деҳқон ҳамда мутахассис агрономлар томонидан зарур тавсиялар берилди.

– Бу кўргазмали семинардан мақсад – томорқа ерининг ҳар қаричидан самарали фойдаланиб, баракали ҳосил етиштиришдир, –дейди Ромитан тумани Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши агрономи Фурқат Ражабов. – Бу тобора глобал аҳамият касб этаётган озиқ–овқат хавфсизлигини таъминлашда жуда муҳимлигини ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. Умуман, туман миқёсида 45 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлса, айни кунда уларнинг 36 тасида аҳоли томорқа ерида деҳқончилик қилиб келмоқда. Бу дегани, қарийб 33 мингта хонадон ўз томорқа ерига эга бўлиб, ҳозирда улар ихтиёридаги экин ери 6 минг 681 гектарни ташкил этмоқда. Ҳудуддаги 3,5 мингга яқин хонадонда эса 2-5 сотихли иссиқхона хўжалиги бўлиб, улардаги жами 11 гектардан ортиқ ерда йилнинг тўрт фаслида сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш тажрибаси оммалашмоқда.  

Таҳлилларга кўра, томорқачи ер эгалари томонидан ўтган йили рўзғор учун талаб ва эҳтиёж юқори бўлган картошка маҳсулоти 120 гектар ерда етиштирилди. Бундан 4 минг 452 тонна ҳосил олинган.  

Зариф Комилов, ЎзА