Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа хўжаликлари ривожланади
16:05 / 2024-03-18

Янги қарор

Юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонликни янада ошириш мақсадида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга катта эътибор берилмоқда. Хусусан, айни вақтда ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, йилига ҳар бир хонадон ўз томорқасидан 3 маротабагача ҳосил олиб, ўзини ўзи банд қилган ҳолда моддий ва молиявий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг элимиз дастурхонига сифатли ва арзон нархларда етиб боришида катта ишлар амалга оширилмоқда.  

Халқимизнинг мушкулини осон, муаммоларини бартараф қилиш мақсадида 2024 йил 5 мартда Президентимиз томонидан “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Унга кўра, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ҳамда сув таъминотини инобатга олган ҳолда, туманлар экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади. 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш ва аҳолининг мазкур соҳада билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, қарорда кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар билан бир қаторда маҳсулот етиштириш билан боғлиқ лойиҳаларга (қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бундан мустасно) 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилиши белгиланди. Музлаткичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехлари аҳолига 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилиши кўзда тутилмоқда.  

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда 5,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгаси 509 минг гектар ер майдонида деҳқончилик қилмоқда. Ҳар бир томорқачи ўз имконияти, ихтиёрига қараб маҳсулот етиштиради. Мева-сабзавотчиликка қизиқадиганлар ҳам кўпчилик. Айримлари бу иш билан аввалдан шуғулланиб келган бўлса, баъзилар тажрибали деҳқонлардан ишнинг ҳадисини олиб, сўнг жараёнга киришиб, ҳовлидаги ер майдонини ҳам бўш қолдирмай, оиласи даромадига ҳисса қўшади.

Томорқалардан фойдаланишнинг яна бир самарали усули иссиқхоналар ташкил этишдир. Бу орқали ҳам яхшигина даромад, ҳам йилига 2-3 марта ҳосил олиш мумкин. Оила аъзолардан ташқари, қўшимча бир неча кишини иш билан таъминлаш имконияти ҳам бор. Айни пайтда республикамиздаги 747 мингдан зиёд хонадонда ихчам иссиқхоналар мавжуд бўлиб, аҳоли уларда меҳнат қилиб, рўзғорига қўшимча даромад киритяпти.

Юқоридаги қарорда белгиланган мақсад-вазифалар доирасида бу борадаги ишлар янада ривожланади. Умуман, экин майдонларидан самарали фойдаланиш орқали ҳам бозорларда нарх-наво мўътадиллигини таъминлашга, ҳам оила даромадини оширишга эришиш мумкин.  

 

Жаҳонгир Галаев,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа  

ер эгалари кенгаши бош мутахассиси.

ЎзА