Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа – хазина ёки пудиналик анорчилар
17:05 / 2023-10-13

Қашқадарёнинг саховатли заминида етиштирилган мева ва сабзавотлар хуштаъмлиги билан ажралиб туради. Қуёшнинг беминнат заррин нурлари остида етилиб пишган бундай маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир.

Анорчилик вилоятнинг барча туманларида ҳам яхши ривожланган. Айниқса, Китоб туманидаги  Варганза қишлоғи анорларининг довруғи бутун дунёга кетган. Вилоятнинг Косон туманида ҳам яна битта манзил борки, анорчилик борасида Варганзадан қолишмайди. У Пудина қишлоғидир. Мазкур қишлоқдаги деярли ҳар бир хонадонда анорзорлар бор.  

Ушбу қишлоқда яшовчи Анвар Остонов аслида банк соҳасида фаолият кўрсатади, аммо бўш вақтида томорқада анорчилик билан шуғулланади. Анорчилик унга отакасб. Оила аъзолари бу борада унга ҳақиқий кўмакчи.

– Томорқамизда 100 туп анор бор, – дейди А.Остонов. – Оила аъзоларимиз билан анорзордан чиқмай меҳнат қиламиз. Рости, анор етиштиришнинг меҳнати бироз машаққатли. Аммо роҳати жуда яхши. Болалигимдан деҳқончиликка меҳрим баланд. Боиси, отам ўзи ўқитувчи бўлса-да мунтазам деҳқончилик билан шуғулланарди. Шу туфайли бизнинг ҳам меҳнатда суягимиз қотган. Шунинг ортидан олий ўқув юртларида ўқидек, яхши таълим олдик. Бугун отамнинг ишларини давом эттириб, фарзандларимга ҳам ўргатяпман.  

– Анорчиликдан қанча даромад оласиз, агар сир бўлмаса? – сўраймиз ундан.

– Меҳнатга яраша роҳати ҳам бор, – дейди боғбон. – Анорнинг варганза, даштнобод, оқпишар, шириндона навларидан экканмиз. Улардан йилига 2 тоннага яқин ҳосил оламиз. Бундан ташқари, 2 гектар олчазоримиз ҳам бор. Ундан ҳам 4-5 тонна олча терамиз. Энди даромад масаласига келсак, биз етиштириб берамиз, янгангиз сотади. Умумий ҳисобда боғдорилик маҳсулотларидан йилига 50-60 миллион сўм даромад оламиз.  

Пудиналиклар терилган анорларни сақлашда ҳам жайдари, аммо ўта самарали усулдан фойдаланишади. Бунинг учун ёмғирдан пана жойда махсус чуқур қазилиб, ичи бетон қилинади. Сўнг қум элакдан ўтказилиб, қуритилади ва бир қават қум, бир қават анор жойлаштирилади. Бундай усулда сақланган анорлар ўз сифатини йўқотмайди ва баҳор ойларигача туради.  

Серсув ва йирик-йирик анор меваларини кўтаролмай қолган шохлар эгилиб қолган. Анорни бундай сифатли етиштириш сирларини деҳқондан сўраймиз.  

– Анор учун энг муҳим озиқа чорва гўнгидир, – дейди у. – Ҳовлимиздаги чорвадан чиққан гўнг махсус чуқурда чиритилади. Қишда анорларни кўмишдан олдин атрофи очилиб, кокил томирлари кесилади ва чириган гўнг солинади. Кейин эрта баҳорда анорлар очилгач, жуякларини тўлдириб гўнг соламиз. Сувини вақтида қўямиз. Бундан ташқари, баҳорда гуллаган биринчи гулларни ҳосил учун қолдирамиз. Кейинги ойларда ғунчалаган гулларини чилпиб ташлаймиз. Шундай қилинса, ҳосили камроқ, аммо йирик-йирик бўлади.  

[gallery-14000]

Албатта, бундай анорлар харидоргир бўлади. ушбу қишлоққа энг яқин катта бозор “Ерқўрғон”дир. Ушбу бозорни анор билан айнан Пудина қишлоғи анорчилари таъминлайди.  

– Сентябр ойининг охиридан то баҳор ойларигача анорларимизни ушбу бозорда сотамиз, – дейди боғбоннинг турмуш ўртоғи Нафосат Умирова. – Бозор яқин, йўл машаққати қийнамайди. Шукр, даромади ҳам ёмон эмас.  

Дарҳақиқат, томорқа хазина дейдилар. Ҳовлисидаги бир парча ерни ҳам гуллатиб қўйиб, анор етиштириб, оила бюджетига даромад олиб кириб, фаровон турмуш кечираётган меҳнаткаш инсонлар ҳаёти барчага ўрнак. Бунга пудиналик анорчилар фаолияти яққол мисол.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gBi3ei8msSA" title="Томорқа – хазина ёки пудиналик анорчилар" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),

ЎзА мухбирлари.