Ўрта Чирчиқ туманида “Президент томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, барча туман-шаҳарлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, соҳага доир мутахассислар, агрономлар, томорқа хўжаликлари масъуллари қатнашди. Дастлаб, семинар иштирокчиларига “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонлар эгалари томонидан томорқа ерларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар, иссиқхоначилик билан шуғулланаётганлар тажрибаси кўрсатилди.


Хусусан, шу ерлик Саидаҳмад Аширов ҳам ўзининг 7 сотих томорқасида йил бўйи бозорбоп сабзавот маҳсулотлари ва хитойликлар севиб истеъмол қиладиган “Жуссе” кўкатини етиштиради. Шу йўл билан йилига 70 миллион сўмдан ортиқ соф фойда олади. Оила вакиллари томорқада йил бўйи ўзларини банд қилган. Семинар иштирокчилари шу каби хонадонларда бўлиб, оилаларнинг намунали томорқачилик фаолияти билан танишиб, суҳбат қилди.
Шунингдек, “Компания – Кооперация – Деҳқон хўжалиги” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг замонавий усуллари бўйича тақдимот ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳокими З.Мирзаев маҳаллаларда томорқа хўжаликлари билан аҳолининг ҳамкорлигини ташкил қилиш, сабзавот кўчатлари, минерал ўғитлар етказиб бериш тизимини самарали ташкил қилиш мавсумда юқори ҳосил олиш борасида таклифлар берди.


Бундан ташқари, жойларда ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича режалар айтиб ўтилди. Хусусан, вилоятда 23 минг гектар умумий ижарага берилган ер мавжуд. Мавсумда экилган экинлардан юқори ҳосил олишда ҳудудлар иқлимига мос навларни танлаш лозимлиги таъкидланди. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тижорат банкларининг молиявий инструментлари кўрсатиб берилди. Бунда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида ажратилиши мумкин бўлган кредит маблағлари ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ўсимликлари учун комплекс таъсир қилувчи биологик препаратларнинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди. Бунда унинг ўсимликни сувсизликка чидамлилигини оширишга ёрдам бериши, ҳосилдорликни ошириши бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари хусусида сўз юритилди.



А.Мусаев, ЎзА