Бугунги кунда Бухоро вилоятида аҳоли сони жиҳатидан ҳам пешқадам бўлган Ғиждувон туманида камбағалликни қисқартириш борасида кўплаб манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Ҳудуд саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида етакчи бўлгани боис, кўпчилик тадбиркорлик қилиб, ўз даромадини ошириб келмоқда.
Ғиждувонликлар томорқа ердан унумли фойдаланиб, катта ҳосил кўтараётган намунали оилалар берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришмоқда. Шамшод Равшанов ўз иссиқхонасидан унумли фойдаланаётган оилалар сирасига киради.
– Икки йилдан бери оилавий бизнес бўйича халқимизнинг дастурхонига сифатли маҳсулотлар чиқаришга ҳаракат қиламиз, – дейди томорқа эгаси Шамшод Равшанов. – Мақсадим иссиқхонани кенгайтириб, гидропоника усулида ширин қулупнай етказишдир. Ёз ойида малина ҳосилини етказишни ҳам режалаштирганмиз. Бу ишларни бажариш қийин эмас ҳаракат қилса буларни ҳаммасини уддаласа бўлади. Бунинг учун барча имконият яратиб берилган.
Зарафшон маҳалласида 2022-2025 йиллар давомида 127 нафар фуқароларга 21 гектар ер ажратилди. Ҳозирда ҳам 3 гектар майдонга намунали иссиқхоналар ташкил этилиши ортидан аҳоли йилига уч мартагача ҳосил олишни кўзламоқда. Жумладан, Орзигул Раҳматованинг тажрибасини оммалаштиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
– Иссиқхонамизда 20 та лимон кўчати бор, – дейди томорқа эгаси Орзигул Раҳматова. – Меҳнатимиз ортидан уйлар қурдик, набираларимни ўқитяпман. Иссиқхонадан ҳозирги кунда 50 миллионга яқин даромад олдик. Келгусида иссиқхонани кенгайтиришни режалаштиряпмиз. Айни кунда 4 киши иш билан таъминланган.
– Бугунги кунда ишсиз, кам даромадли ва ёшларга 21 гектар ер ажратилди, – дейди Ғиждувон тумани ҳокимининг “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёрдамчиси Адизжон Нутфуллаев. – Келгусида аҳолини даромадли қилиш мақсадида аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдик. Масалан, 20 сотиқ ердан уч марта ҳосил олса бўлади. Февраль ойида редиска, кўкат экиб, ўртача 10-20 миллионгача даромад олса бўлади. Иккинчи ҳосилида бодринг экилади. Бундан ўртача 25-30 миллионгача даромад бор. Кузда бодринг ёки редиска экиб ўртача 25-30 миллионгача даромад олса бўлади.
Аҳоли бандлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича жорий йилда Гулистонобод маҳалласида ҳам “лойиҳавий ёндашув” асосида янгича ишлаш тизими йўлга қўйилди. Шу вақтга қадар амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудда камбағаллик даражаси 4.3 фоизга, ишсизлик эса 3 фоизга етказилди. Биргина ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳасида 10 та лойиҳа учун 300 миллион сўмдан молиялаштирилиши натижасида янгидан 120 та ишчи ўрни яратилди. Ҳозирда Ғиждувон туманидаги ушбу ҳудудга “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳалла мақоми берилган бўлиб, халқаро молия ташкилотлари ва давлат бюджети томонидан ажратиладиган 28 миллиард сўм маблағ эвазига ижтимоий инфратузилма қатори қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳам жадал ривожлантириш назарда тутилган.
Оқгул маҳалласида ҳам амалга оширилаётган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Асосан тўқсонбости маҳсулотлар етиштирилиб, нафақат туман, балки вилоят бозорларини тўлдириб келаётган ҳудуд миришкорлари шунга яраша юқори даромадга ҳам эга бўлмоқда. Ҳудудда 272 та хонадон, яъни 40 фоизга яқин қисми “Бир контур бир маҳсулот тамойили” асосида иш олиб бормоқда. 72 нафар фуқарога ажратилган 18 гектар ердан оилалар ками 75-80 миллион сўмгача даромад қилишга эришди.
Худди шундай мисолларни Жондор тумани маҳалларида ҳам кўплаб келтириш мумкин. Мамлакатимиз миқёсида камбағалликни қисқартириш ва одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш умуммиллий ҳаракатга айланган айни чоғда ер эгаларининг замонавий ёндашувларига кўп нарса боғлиқ. Шу маънода, ер тилини, қишлоқ хўжалиги илмини пухта эгаллаган Фазлиддин Обидовнинг изланишлари таҳсинга лойиқ.
– Бир гектарлик иссиқхонамиз мавжуд, – дейди иссиқхона эгаси Фазлиддин Обидов. – Иссиқхонага бодрингнинг “Орзу” навини экканмиз ва ҳозирда маҳсулотни бозорга олиб чиқишни бошладик. 15-20 нафар ёлланма ишчимиз бор. Булар ҳам ўз вақтида маош олиб турибди. Бодрингни йиғиб бўлгандан сўнг, бақлажон экишни режала қилганмиз.
[gallery-27324]
Ер, она замин, бу – илоҳий неъмат. У билан тиллаша олган, ундан меҳрини аямаган инсоннинг хонадони, шубҳасиз, файзга тўлади. Шу маънода айтганда, тумандаги Пўлоти маҳалласига қарашли Ифтихор қишлоғида яшовчи Оғабек Остонов иссиқхона шароитида қулупнай етиштириш сирларини пухта эгаллаган. Ёш бўлишига қарамай қишлоқ хўжалиги илмини пухта эгаллаган Оғабекнинг қулупнай етиштиришдаги тажрибасини туман фермерлар кенгаши вакиллари ҳудуд миқёсида кенг татбиқ этишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса келгусида бозорларни арзон, дастурхонларни тўкин қилиши аниқ.
Тумандаги Дарвеши маҳалласига қарашли Дарвеши қишлоғида шахсий экин майдонини хазинага айлантирган оилалар кўплаб топилади. Жумладан, Садриддин Сайфиев хонадонида бир эмас 4 та ихчам иссиқхонада тўрт фасл озиқ-овқат маҳсулотлари ва сабзавот ҳамда помидор кўчатлари етиштирилади. Хонадон эгаси, асли касби шифокор бўлган Садриддин Сайфиев иссиқхонада маҳсулот етиштириш ҳадисини олган десак, муболаға бўлмайди. Заҳматкаш инсон фарзандларини қанотига олиб, ерга меҳр бериб, ундан саховат кўрмоқда.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган аниқ ва муайян чора тадбирларнинг юқори натижадорлигини келтирилган мисоллардан ҳам англаш қийин эмас. Шунга асосан, Бухоро воҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг аҳамияти беқиёс. Бу борадаги эзгу ва хайрли ишлар эса давом этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.