Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа — томнинг орқаси эмас, у одамларнинг маданияти ҳамдир
15:15 / 2022-07-19

Хабарингиз бор, кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш, шу билан бирга ғаллани етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда соҳага оид кўплаб имконият ва имтиёзлар хусусида сўз борди. Жумладан, йил якунигача яна қўшимча 20 минг гектар экин майдони аҳолига бўлиб берилиши, келгуси йилда яна қўшимча 100 минг гектар экин майдони ҳам аҳолига тарқатилиши, камида мингта маҳаллада кичик ҳажмли музлатгичлар ўрнатиш, 3 минг гектарда парник усулида эрта пишар маҳсулотлар етиштириш дастурини бошлаш масалалари илгари сурилди.

Бунинг учун жорий йилда 50 миллион доллар, келгуси йилда яна 100 миллион доллар йўналтирилиши белгилаб олинди.

Мен фаолият олиб бораётган Тошкент вилояти Бекобод тумани “Маллабой” МФЙ туманимизнинг чекка ҳудудларидан бири саналади.

Деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган маҳалламизда 535 та хонадонда 3 минг 92 та аҳоли истиқомат қилади.

Ҳудуд аҳолиси илгари бозорма-бозор сарсон бўлиб юрган бўлса, эндиликда етиштирилган маҳсулотлар маҳалламизнинг ички эҳтиёжларини таъминлабгина қолмай, хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

Таҳлилларга кўра, бундан 5 йил аввал маҳалламизда 16 та оилада иссиқхона бўлган бўлса, сўнгги икки йилда 300 га яқин аҳоли ўз томорқасида иссиқхона ташкил этди.

Бугунги кунда 535 та хонадоннинг 502 тасида мева-сабзавот етиштиришга мослашган иссиқхоналар мавжуд.

Очиқ жойдаги 10 сотих томорқадан бир йил давомида олинадиган 3 марталик ҳосил ҳисобига 75-80 млн. сўм даромад олишга эришилмоқда.

Етиштириладиган маҳсулот ҳажми йилига ҳар оилага 9,7 тоннани ташкил этмоқда. Маҳсулотлар асосан Россия ва Тожикистон Республикасига маҳалламизнинг ўзидан экспорт қилинмоқда.

Туманда “Маллабой” тажрибасини яратиш мақсадида имтиёзли кредит асосида 4 сотихли иссиқхоналар ташкил этилиб, деҳқончиликда тажрибаси бўлган 50 га оилаларга бўлиб берилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида маҳалламиздаги 89 оилага унумдор ерлардан ажратиб берилди.

Унда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш агентлиги туман бўлими билан ҳамкорликда энг яхши навдаги бақлажон кўчатлари олиб келинди ва томорқа ер эгаларига тарқатилди.

Бу ишнинг афзаллик томонлари шундаки, мазкур агентликнинг ўзи кўчат олиб келиб беради ва маҳсулот тайёр бўлгандан кейин бозор нархидан кам бўлмаган қийматда сотиб олади.

Бир сўз билан айтганда, яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли одамлар томорқадан яхши даромад олишни бошлади, ерга бўлган муносабати ўзгарди.

Жавлон Мусаев,
Бекобод туманидаги “Маллабой” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси.

ЎзА