Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида томорқа маданияти ошиб, йилдан-йилга янги мазмун касб этмоқда. Бугун томорқа — фақат ер парчаси эмас, балки оила фаровонлиги, ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг муҳим манбаига айланиб бормоқда.
Тумандаги 16 минг 809 та хонадон ихтиёрида жами 2 073 гектар томорқа ерлари мавжуд. Уларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш мақсадида мунтазам тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолига бозорда талаб юқори бўлган экинларни мақсадли етиштириш, икки ва уч марта ҳосил олиш амалиётини кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилда томорқа ерларининг 97,5 фоизи, яъни 2 020 гектарига асосий экинлар жойлаштирилган. Жумладан, 933,8 гектарга сабзавот, 613,6 гектарга картошка, 65,8 гектарга дуккакли, 14,7 гектарга озуқа экинлари, 84 гектарга полиз, 0,8 гектарга резавор ва 307,8 гектарга бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилган.
Энг муҳим жиҳати — аҳоли изланишдан тўхтамаяпти. Такрорий экинчилик кенгаймоқда, йилига 2–3 марта ҳосил олиш амалиёти одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Туманнинг айрим ҳудудларида муайян экин турларига ихтисослашув жараёни кузатилмоқда. Масалан, Мустақиллик маҳалласида иссиқхоналар самарали ишлаяпти — бу ердаги аҳоли йилдан-йилга кўпроқ даромад топмоқда. Ана шу ижобий тажриба асосида Сойибобод, Бирлашган, Чортоқ ва Навоий маҳаллаларида ҳам иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш ишлари йўлга қўйилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири