Мамлакатимизда сўнгги йилларда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимизнинг анъанавий турмуш тарзига айланиб кетган томорқачиликни қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор берилмоқда.
Азалдан халқимиз рўзғорга ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини ўз томорқасида етиштирган. Рўзғордан ортганини эса қўни-қўшниларга илинган ва бозорга олиб чиқиб сотишган.
Навоий вилояти Кармана тумани “Жалойир” ҳудуди аҳолиси деҳқончиликда ном қозонган. Бу ерда қайси хонадонга кирманг, албатта, томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, камида 3-4 та мевали дарахтининг ҳосилга кирганини кўрасиз.
– Бугун маҳалладошларимиз томорқа оила учун ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи эканлигини яхши билади, – дейди Жалойир маҳалласи раиси Дилшод Рўзиев. – Маҳалламизда 697 та хонадонда 3595 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жами томорқа майдони эса қарийб 75 гектарни ташкил этади. Маҳалламизнинг асосий драйвери деҳқончилик ва чорвачилик. Айни пайтда хонадонларнинг 24 тасида иссиқхона қурилган. Барча оилаларимизда томорқада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришланади.

Файзулла бобо Мадиев мана шу маҳаллада яшайди. Гарчи пенсияда бўлса-да, ҳамон ер чопиб, деҳқончилик қилади. У “ер тили”ни, қишлоқ хўжалиги илмини яхши билади. Шунинг учун бўлса керак, томорқасини хазинага айлантирган.

– Бугун одамларнинг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгариб, деҳқончиликка қизиқиши кучайган, – дейди Ф.Мадиев. – Тўғри, бугунги кунда бозорларимиз турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўла. Нархлари ҳам ҳамёнбоп. Унчалик қиммат эмас. Бозорларимиздан нимани изласангиз, топасиз. Лекин ҳар куни ўз томорқангизда етиштирилган маҳсулотларни истеъмол қилишнинг ўз гашти бор. Биринчидан, сарф-харажат қилмайсиз. Иккинчидан, ўз меҳнатингизнинг самарасини кўриш завқи ўзгача. Учинчидан, кунлик керагича олиб ишлатасиз.

Бугунги кунда Файзулла бобо 15 сотихдан зиёдроқ томорқасидан 3 марта ҳосил олишни йўлга қўйган. Айни пайтда сабзи, уруғлик пиёз, помидор, бодринг, картошка, саримсоқпиёз, булғор қалампири, ошқовоқ, бақлажон экиб, парваришламоқда.
– Бунча маҳсулотни нима қиласиз? – ҳазиллашиб сўраймиз.
– 5 қиз, 1 нафар ўғлим бор, – дейди бобо. –Рўзғорга ишлатамиз. Қишга ғамлаймиз. Қизлар келганда бериб юборамиз. Ортиб қолса, бозорда сотамиз. Бир-икки сўм пул бўлади. Ҳарна-да, рўзғорга фойдаси тегади.
Дарвоқе, бобонинг хонадонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари, олма, ўрик, шафтоли, гилос, нок, шунингдек, 15 туп узум ҳам қийғос ҳосилга кирган. Ҳосилни кўриб, кўзингиз қувнайди.
Ўрикдан бир-икки дона довучча узиб “Бу набираларнинг насибасида” дейди кулиб.
Деҳқончилик ҳадисини олган томорқа ер эгаларидан яна бири маҳаллада истиқомат қилувчи Ғулом ака Ёрлақабов оиласидир.
Ғулом ака шофёрлик билан оила тебратади. Турмуш ўртоғи Дилбар опа билан 2 қиз, 1 ўғилни тарбиялаб, вояга етказмоқда.
10 йил олдин янги ҳовлига кўчиб чиққач, томорқасида деҳқончилик қила бошлади. Бундан 4 йил олдин эса Дилбар опа банкдан кредит олиб, иссиқхона ташкил этган эди. Опа ўзининг 3 сотихли иссиқхонасида помидор ва бодринг экиб парваришлайди.
– Меҳнатнинг нони ширин, дейишади. Меҳнатимиз орқасидан рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. “Қора қозон”имиз қайнаб турибди. Уч йиллик муддатга олинган кредитни тўлаб, ҳозир ўз маблағимизга иссиқхонани юритмоқдамиз, – деди Дилбар опа.
Бугун иссиқхонада бодринг ва помидор кўчатлари ҳосилга кирган.
Оила бекасидан даромад қандай бўляпти, дея сўраймиз.
– Даромадимиз меҳнатимизга яраша. Нолимаймиз. Фарзандларимиз билан эл дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида меҳнат қиламиз. Харидорларнинг ўзлари уйимиздан олиб кетишади. Шу иссиқхонанинг ортидан орзу-ҳавасларимизни амалга оширяпмиз. Помидор ва бодринг мавсуми якунлангач, турли кўкатлар экаман. Катта қизим Навоий шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт техникумида ўқияпти. Шу билан бирга тикувчилик курсига ҳам қатнаган эди. Яқинда субсидия асосида унга тикув машинкаси берилди. Ҳозир буюртма асосида турли кўйлаклар тикяпти. Қолган икки фарзандим ҳали мактаб ўқувчиси. Уларни ҳам ўқитиб, эл-юртга фойдаси тегадиган фарзандлар қилиб тарбиялаш ниятидамиз.
Халқимизнинг “Меҳнат қилган кам бўлмайди”, “Меҳнат қилган элда азиз”, деган ҳикматли гаплари бор. Албатта, бугун томорқасида меҳнат қилиб, рўзғорини бутлаётган, бозорларимизни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Улар бор экан, дастурхонларимиз тўкин, бозорларимиз расталари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўла.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири