Қарор ва ижро
Юртимизда томорқа маданиятини шаклланттириш, уни қўшимча даромад манбаига айлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Бугун аксарият юртдошларимиз томорқа оила учун ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи эканлигини яхши билишади.
Равшан Юсупов Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилади. 5 нафар фарзанди – тўрт ўғил, бир қизи бор. 16 сотих майдонда қулупнай, картошка, шолғом, саримсоқпиёз, исмалоқ, бир сотихлик иссиқхонада эса помидор ва бодринг етиштиради.
– Аслида ўзим ҳунармандман, – дейди Равшан Юсупов. – Буюртма асосида ҳар хил ҳажмдаги темир эшиклар, панжаралар, хуллас пайвандлаш асосида ясалиши мумкин бўлган ашёлардан турли нарсалар ясайман. Даромадим ёмон эмас. Шунингдек, ер майдонимиз бор. Халқимиз дастурхонига бодринг, помидор, турли кўкатлар етказиб бермоқдамиз. Бизнинг маҳалламиздаги қай бир хонадонга кирманг, барчасининг ҳовлисида турли деҳқончилик маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бир қарич ҳам бўш турган ерни кўрмайсиз. Йил 12 ой бозорга деҳқончилик маҳсулотлари етказиб берилади бу ҳудуддан.
Оила бекаси Фарида Худойназарова асли ҳамшира. Ҳозир бола тарбияси билан банд. Даромад қандай бўлаяпти, дея сўраймиз ундан.
– Даромидимиз меҳнатимизга яраша. Нолимаймиз. Фарзандларимиз билан эл дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида меҳнат қиламиз. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. “Қора қозон”имиз қайнаб турибди. Мевалар ва сабзавотларни бозорга олиб чиқиб сотамиз. Деҳқончилик ортидан орзу-ҳавасимизни амалга ошираяпмиз. Она-бола сигиримиз ҳам бор. Сут, қатиқ, сарёғнинг ортган қисмини ҳам сотамиз. Ҳарна рўзғорга фойда-да, – дейди камтарлик билан.
Хонадон соҳиби билан суҳбатлашар эканмиз, у ҳовлидаги олма, беҳи, ўрик, шафтоли, хурмо, гилос, узумдан ҳам мўл ҳосил олинаётганлигини таъкидлайди.
[gallery-14366]
– Жорий йил аввалидаги аномал совуқ дарахтларга ҳам таъсир қилди. Лекин айримларидан яхши ҳосил олдик. Бозордан мевалар сотиб олмаймиз. Шохидан узиб ейишнинг ўзгача гашти бор. Болалардан ортса, бозорга чиқарамиз. Меҳнатингнинг самарасини кўрганингда барча чарчоқларинг унутилади. Ҳузурланасан киши, – дейди Равшан.
Албатта, юртимизда аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиши, халқимизнинг анъанавий турмуш тарзига айланиб кетган томорқачиликни қўллаб-қувватлаш учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан фермер, деҳқон хўжаликлар ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятлар берилаяпти.
– Туманимизда 70 та маҳалла фуқаролари йиғинларида 37 минг 265 та хонадонда экин майдони мавжуд бўлиб, 4359,7 гектарни ташкил этади, –дейди Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси Охунжон Ғайбуллаев. – Туманда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида хатлов ўтказилиб, унда фуқароларнинг ички имконияти ва талаб-истаклари инобатга олинган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ушбу Деҳқонобод маҳалласи сабзавотчиликка ихтисослашган. Маҳаллада жами экин майдони 80,5 гектарни ташкил этади. Ҳозир ушбу маҳалланинг 52,3 гектар ер майдонига пиёз ва саримсоқпиёз экилди. Шунингдек, тўқсонбости экинлар экилмоқда.
Албатта, кейинги йилларда томорқачиликка қаратилган эътибор туфайли, аксарият юртдошларимиз бу тизимнинг афзалликларини тўлиқ англаб етмоқдалар. Томорқадан унумли фойдаланган ҳолда алмашлаб экишни йўлга қўйиб, йилиги 3 мартагача ҳосил олишмоқда. Бу эса оилалар дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилаётир.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари