Президент топшириғи – амалда
Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”да тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардан келган туманлар ҳокимлари, вилоят ва туман ҳокимларининг масъул ўринбосарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, уста-деҳқонлар, томорқа мактабини ташкил этиш истагида бўлган тадбиркорлар учун икки кунлик семинар ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги ҳисобидан аҳоли даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Термиз туманидаги томорқа эгаларига серҳосил уруғни танлаш, ишни тўғри ташкил этиш орқали ердан даромадни кескин оширишни ўргатишга ихтисослашган томорқа мактабининг самаралари қайд этилиб, бу тажрибани ҳудудларда оммалаштириш топшириғи берилди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган семинарда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар “Томорқа мактаби”да ер эгаларига серҳосил уруғ танлаб, деҳқончилик ишларини тўғри ташкил этиш ва даромадларини ошириш, маҳсулотларини сотиш қандай ўргатилаётгани билан яқиндан танишди. Бу ҳақда иштирокчиларга соҳага масъул раҳбарлар ва мутахассислар атрофлича тушунтириш берди.

Бу мактабни Термиз туманидаги “Намуна Элегант Агро” масъулияти чекланган жамияти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармасининг 4,3 миллиард сўм лизинг асосида ажратган маблағи ҳисобидан ташкил этди. Мактабга янги ёндашувлар асосида томорқадан олинадиган даромадни ошириш, юқори даромадли экин турларини оммалаштириш, аҳолига маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларини ўргатиш вазифаси қўйилди.

Мактаб учун замонавий ўқув биноси, 3 гектар майдонда иссиқхона ва 3 гектарда ўқув-тажриба майдони барпо этилган. Томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган. Уч гектар тажриба дала майдони ташкил этилиб, учта контур8 та лотда 25 турдаги маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди. Мамлакатимизда хориждан импорт бўлаётган банан, папая, розмарин, лаванда каби маҳсулотларни экиб, парваришлаш ўзлаштирилди. Томорқага илм билан ёндашиб, бир йилда Сурхондарё шароитида 5 мартагача экин экиш ўргатилаётир. Ўқув курсларига олимлар, мутахассислар, уста-деҳқонлар бириктирилиб, дала-ўқув семинарларда амалий дарслар ўтказилмоқда. Ҳозиргача уч минг нафар эҳтиёжманд аҳоли цитрус мева, анжир, хурмо, гул етиштириш бўйича махсус курсларда ўқитилди. Ўз томорқаларидан ва ижарага олинган ерлардан самарали фойдаланган ҳолда ўзини-ўзини банд қилиб, ишли бўлди.

Келгуси йил “Томорқа мактаби” тажрибаси асосида вилоятдаги 77 минг 558 та аҳоли хонадони ва ижарадаги 2 минг 241 гектар ер майдонига 14 хил турдаги сердаромад экин экилиши режалаштирилган.


Иштирокчилар инновацион мактабда илмий ёндашувлар асосида бир йилда беш мартагача ҳосил олиш, юқори даромадли цитрус мевалар, анжир, хурмо, гул ва розмарин каби маҳсулотлар етиштиришни ўргатадиган ўқув курслари билан танишди. “Томорқа мактаби” фаолияти, ундаги имкониятлар ва эришилган натижалар ҳақида етарли маълумотга эга бўлди. Ўзаро тажриба алмашди. Термиз туманидаги “Лето” компаниясида экспорт учун юқори даромадли экинлар етиштириш ва логистика маркази, Ангор туманида аҳоли хонадонларида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлаш, Жарқўрғон туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида ёшларни касб, тил ва IТ-технологияларга ўргатиш маркази, хизмат кўрсатиш ва сервис маскани ҳамда Қизириқ туманида очиқ коллекторларни замонавий услубда ёпиқ тизимга ўтказиш орқали очилган майдонда ташкил этилган тадбиркорлик лойиҳалари ва бошқа тажрибалар билан ҳам танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири