Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Томорқа – катта даромад манбаи
21:18 / 2024-03-26

Шу кунларда Сирдарёда Сайхунобод тажрибасини вилоятнинг чекка ҳудудларида ҳам жорий этиш, аҳоли даромадини оширишда томорқа ва уй хўжалигидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятнинг олис ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фаоллар келиб, Сайхунобод туманидаги томорқа ерлари фаолиятини ўрганди. 

Гуруҳ аъзолари дастлаб “Нуробод” МФЙ Намуна маҳалласида яшовчи Муҳайё Маҳмудованинг иссиқхонасида бўлди. Оила 2017 йилдан буён 50 сотихли иссиқхонада помидор ва бодринг етиштириб келади. Бу ерда доимий 5 нафар, мавсумий 15 нафар аёл иш билан таъминланган. Иссиқхонада йилига икки маротаба ҳосил йиғиб олинади. Ҳозир даромад йилига ўртача 230 миллион сўмни ташкил этмоқда. 

– Президентимиз ташрифидан сўнг юртдошларимиз иш фаолиятимизни ўрганиш учун келиб туришибди, – дейди Муҳайё Маҳмудова. – Улар орасида ишимиздан қониқиш олиб кетувчилар билан бирга бундан ҳам катта даромад олиш мумкинлигини айтиб кетганлар ҳам бўлди. 

Гуруҳ аъзолари шу маҳаллада яшовчи Лола Рўзиеванинг ҳам иссиқхонаси фаолиятини ўрганди. Лола опа 6 сотихли иссиқхонасида 15 йилдан буён меҳнат қилиб, 84 туп лимон ва редиска етиштириб келади. Бу ерда доимий 3 нафар, мавсумий 5 нафар ишчи иш билан таъминланиб, йилига ўртача 60 миллион сўм даромад олмоқда. 

– Айни пайтда бозорда редиска маҳсулотига талаб кўп, – дейди Лола Рўзиева. – Айни пайтда маҳсулотни пешма-пеш бозорга чиқариш билан бандмиз. Даромади ҳам яхшигина. Келгусида иссиқхонани яна икки сотихга кенгайтириб, кўпроқ даромад олишни мақсад қилганмиз.

Гуруҳ аъзолари маҳалладаги Акром Рўзиевнинг иссиқхонасидаги ишлар билан ҳам танишди. У ушбу тўрт сотихли иссиқхонани 10 йилдан буён юргизиб келади. Унда 40 туп лимон парваришланмоқда. Йиллик даромад ўртача 40 миллион сўмни ташкил этади. Келгусида иссиқхонани яна 3 сотихга кенгайтириш режаси ҳам бор. 

Маҳалла фаоллари туманнинг Шодлик маҳалласидаги “Сайхун шукронаси” қандолат цехида бўлиб, цех фаолияти билан яқиндан танишди. Ёш тадбиркор Севара Абдуллаева маҳалладаги ўн нафар аёлга ҳунар ўргатиш билан бирга уларни иш билан таъминлаган. Ҳозирги кунда цехда 15 хилдан зиёд ширинлик ва пишириқлар тайёрланиб, Сайхунобод тумани ҳамда қўшни туманларга ҳам буюртма асосида етказиб берилмоқда. 

Севара Абдуллаева шу йил ўтказилган “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида “Энг яхши бизнес режа” танловининг Сирдарё вилоят босқичида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Ёш тадбиркор келгусида янги ишчи ўринларни яратишни ўз олдига мақсад қилган. Хуллас, олис ҳудудлар маҳаллалари фаоллари Сайхунободда кўрса кўргудек, ўрганишга арзигулик талайгина ишлар билан танишди. 

Бу ишларнинг ортида заҳматли меҳнат турибди. Машаққатдан чўчимагандагина дастурхонларимиз тўкин, турмушимиз янада фаровонлашади. Бу исбот талаб қилмайдиган оддий ҳаёт ҳақиқатидир. 

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири